Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.03.2017 18:15 Чоп этиш версияси

Спорт – саломатлик гарови

Гулистонда шундай шиор остида республика спартакиадасининг Сирдарё вилояти босқичи ўтказилди. Унда 220 ҳаваскор спортчи ўзаро баҳслашди.

Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан ташкил этилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида жисмоний тарбия ва спортнинг оммавийлигини таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, спорт билан мунтазам шуғулланиш учун замонавий шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Ҳудуддаги корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимларни спортга кенг жалб этиш, уларни касб касалликларидан спорт ҳамда соғлом турмуш тарзи юритиш орқали муҳофаза қилиш мақсадида ташкил этилган спартакиаданинг қуйи босқичларида 2 мингдан зиёд ҳаваскор спортчи иштирок этди.

Стол тенниси, бадминтон, сузиш, шахмат-шашка бўйича эркаклар ўртасида Жавоҳир Қаюмов, Камол Худойбердиев, Муҳиддин Бийболаев, Бекмурод Тожибоев, Дилшод Муродов, аёллар баҳсида Шаҳноза Боймуродова, Гулзора Турдиматова, Ирода Алишерова, Нигора Эржигитова, Раҳима Маматова ғолибликни қўлга киритди. Хотин-қизлар ўртасида ўтказилган волейбол мусобақасида Ширин шаҳри жамоаси биринчи ўринни эгаллади.

– Гулистон туманидаги 1-умумтаълим мактабида жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиб ишлайман, – дейди мусобақа ғолибларидан бири Р.Маматова. – Спортнинг сузиш тури билан шуғулланаётганимга ҳали кўп бўлгани йўқ. Лекин беллашувларга пухта ҳозирлик кўрганим ва мухлисларнинг фаол қўллаб-қувватлаши ғалаба қозонишимда муҳим аҳамият касб этди.

Мусобақада “Энг ёши улуғ иштирокчи”, “Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи”, “Ғалабага бўлган интилиши учун”, “Энг ёш иштирокчи” номинациялари бўйича ҳам ғолиблар аниқланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 751






Все о погоде - Pogoda.uz