ЎзА Ўзбек

11.09.2018 18:24 Чоп этиш версияси

Спорт хабарлари

ТЕННИС. Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Халқаро теннис федерацияси (ITF) томонидан эркаклар ўртасида “Almaty Open“ турнири бошланди.

Мусобақада асосий тўр баҳсларининг қуръа натижасига кўра, икки теннисчимиз – Саидаъло Саидкаримов ва Павел Цой биринчи даврада ўзаро куч синашди. Унда Саидаъло 6:1, 6:4 ҳисобида ғалаба қозонди. Мазкур босқичда ҳамюртимиз Шаробиддин Абзалов рақибига ҳисобни бой бериб қўйди.

11 сентябрь куни асосий тўр баҳсларининг биринчи даврасида умидли спортчимиз Санъатулло Қутибоев қозоғистонлик Темур Мауленовга қарши кортга чиқади.

АТЛЕТИКА. Чехиянинг Острава шаҳрида енгил атлетика бўйича жаҳоннинг энг кучли спортчилари иштирокида қитъалараро кубок мусобақаси ўтказилди.

Унда қитъамиз шарафини ҳамюртларимиз – Осиё ўйинлари ғолиби ва совриндори Светлана Радзивил ҳамда Руслан Қурбонов ҳимоя қилди.

Баландликка сакраш бўйича аёллар ўртасидаги баҳсларда Светлана Радзивил 1,95 метр баландликни забт этиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Уч хатлаб сакрашда Руслан Қурбонов 16,34 метр натижа билан олтинчи ўринни эгаллади.

ФУТБОЛ. Ўзбекистон Суперлигасининг ҳал қилувчи иккинчи босқич учрашувлари 13 сентябрь куни старт олади. 23-тур доирасидан ўрин олган учрашувлар 3 кун давомида ўтказилади.

Иккинчи босқичнинг илк учрашувини “Қўқон-1912” ва “Насаф” жамоалари бошлаб беради. Шу куни “Сўғдиёна” клуби “Қизилқум”ни ўз майдонида қабул қилади.

14 сентябрь куни “Металлург” – “Локомотив”, “Навбаҳор” – “Пахтакор” клублари учрашади. Турнинг сўнгги ўйини 15 сентябрь куни бўлиб ўтади. Унда “АГМК” – “Нефтчи”, “Бунёдкор” – “Бухоро” жамоалари майдонга тушади.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 764