Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 14:25 Чоп этиш версияси

“Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақаларига сирдарёлик ёшлар ҳам қизғин ҳозирлик кўрмоқда

Жиззах вилоятида ўрта-махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган “Баркамол авлод – 2017” спорт мусобақаларига сирдарёлик ёшлар ҳам қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Биринчи Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган уч босқичли узлуксиз спорт тизими – “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада спорт мусобақалари ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, уларнинг қалбида мардлик, жасорат, дўстлик ва бағрикенглик фазилатларини юксалтириш, халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир моҳир спортчиларни тарбиялашда муҳим омил бўлмоқда.

“Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг туман ва шаҳар босқичларида 3 минг 860 ўқувчи спортнинг турли йўналишлари бўйича ўзаро баҳслашди. Улардан 1 минг 230 га яқини вилоят босқичида куч синашмоқда. Айни пайтда дзюдо, юнон-рум ва эркин кураш, таэквондо, теннис, стол тенниси, бадминтон ва бошқа спорт турлари бўйича мусобақалар бўлиб ўтди.

Ғолиб бўлган спортчилар “Баркамол авлод” спорт мусобақаларининг мамлакат босқичида вилоят шарафини ҳимоя қилиш мақсадида қизғин тайёргарлик кўрмоқда. Футбол, волейбол ва баскетбол спорт турларидан Гулистон олимпия захиралар коллежи ўғил ва қиз болалар жамоалари, қўл тўпи спорт тури беллашувларида зафар қучган Сирдарё педагогика коллежи ўғил ва қиз болалар жамоалари ҳудудий ўтиш турнирида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлди.

Гулистон шаҳридаги “Алпомиш” спорт мажмуасида ўтказилган стол тенниси мусобақалари ҳам муросасиз ўтди. Унда Гулистон олимпия захиралари коллежи жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, мамлакат босқичига йўлланма олди.

– Мамлакатимизда ёшларга яратиб берилаётган имконият ва шароитлар бизни юксак марралар сари ундайди, – дейди стол тенниси бўйича вилоят босқичи ғолиби Мухтор Авазов. – 2015 йилги “Умид ниҳоллари” спорт ўйинларининг стол тенниси беллашувларида ғолиб бўлганман. Жиззахда ўтказиладиган “Баркамол авлод” спорт мусобақасининг финал босқичига йўлланма олганимдан мамнунман. Мен каби тенгдошларим ҳам мусобақаларга астойдил тайёрланмоқда, Жиззахда ўтказиладиган "Баркамол авлод" спорт мусобақаларининг финал босқичида ғолиб бўлишимизга ишонамиз.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
1 002






Все о погоде - Pogoda.uz