ЎзА Ўзбек

07.09.2018 19:29 Чоп этиш версияси

Сифат ва имтиёз намойиши

Пойтахтимиздаги "Универсал" спорт мажмуида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан спорт жиҳозлари ва инвентарларни харид қилишда шаффоф тизимни яратиш, сифатли маҳсулот ва махсус кийимлар харид қилиш мақсадида кўргазма ташкил қилинди.

Кўргазма очилишида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спорт вазири Д.Набиев ва бошқалар юртимизда халқаро стандартларга жавоб берадиган сифатли спорт асбоб-ускуналари, инвентарлар ва кийимлар ишлаб чиқарувчи тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлади.

Бунда Президентимизнинг 2018 йил 5 мартдаги "Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони муҳим дастуриламал бўлаётир.

Кўргазмада 15 маҳаллий ишлаб чиқарувчи 100 га яқин турдаги маҳсулотлари билан иштирок этди.

– Корхонамиз Андижон шаҳрида фаолият юритади, – дейди "Edelweiss Sport" МЧЖ раҳбари Зафарбек Абдураҳимов. – Ҳозирги кунда 40 турдаги спорт инвентарларини ишлаб чиқараяпмиз. Айниқса, бокс қўлқопи, кураш яктаги, каратэ, дзюдо ва таэквондо киманоларига талаб катта. Бугунги кунда маҳсулотларимизни Марказий Осиё ва МДҲ давлатларига ҳам етказиб бермоқдамиз. Келгуси йилдан бошлаб сув спорти жиҳозлари ва теннис коптокларини ишлаб чиқаришни режалаштирдик. Кўргазмада бир қатор спорт мактаблари билан ҳамкорлик ўрнатишга келишиб олдик.

Мамлакатимизда спорт жадал ривожланмоқда. Натижада спорт маҳсулотлари ва инвентарларига бўлган талаб ошаётир. Ҳозирги кунда юздан зиёд корхонада халқаро талабларга мос спорт инвентарлари ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу соҳага ихтисослашган субъектларнинг қўллаб-қувватланаётгани, уларга кенг имтиёз ва қулайликлар яратилаётгани бунда муҳим омил бўлмоқда.

Ж.Тошхўжаев, ЎзА
2 890