ЎзА Ўзбек

09.10.2019 Чоп этиш версияси

Шогирдлар ишончи ва кўпнинг ҳурматини қозонган мураббий

Шогирдлар ишончи ва кўпнинг ҳурматини қозонган мураббий

Спортга меҳри баланд бу инсоннинг Арнасойга келганига яқинда қирқ бўлади. Ўша пайтларда унинг яқинлари эндигина ташкил этилган тумандаги ҳали биноси ҳам йўқ спорт мактабига мураббий бўлиб боришини тушунишмаганди.

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги «Савай» совхоз-техникумини битиргандан сўнг вилоят волейбол жамоаси таркибида ўйнаётган Равил Давидовнинг тақдиридаги туб бурилиш ҳам спорт билан, тўғрироғи, давлатнинг ўша даврдаги спортни ривожлантириш сиёсати билан боғлиқ эди.

Ўтган асрнинг етмишинчи-саксончи йилларида «Савай» совхоз- техникуми Ўзбекистондагина собиқ иттифоқда танилишига фақат маккажўхоридан юқори ҳосил етиштириши эмас, хўжаликдаги спортчи ёшларнинг ютуқлари ҳам сабаб бўлганди. Ўша даврда байроқни баланд кўтаришда спортдан самарали фойдаланган собиқ иттифоқдаги саноқли хўжаликларидан бири «Савай»да кўплаб иқтидорли спортчилар етишиб чиққанди. Вилоят волейбол терма жамоаси асосий таркиби ҳам Равил Давидов каби совхоз-техникум битирувчиларидан ташкил топганди.

Спорт соҳасидаги тажрибали мутахассисларнинг назаридан совхоз техникумдаги қобилиятли спортчилар ўша даврда ҳам четда қолмаган. Яхши спортчиларни олиб кетишга ҳатто олис ҳудудлардан ҳам «овчи»лар келиб туришган.

Жиззах чўлида янги ташкил топган Арнасой тумани касаба ташкилотлари уюшмаси спорт жамиятининг раиси Муҳаммаджон Аҳмаджонов асли андижонлик бўлиб, «Савай»лик спортчилар билан яхши таниш, қадрдон эди. Вазифаси туман спортини ривожлантириш бўлган бу амалдорнинг «қадрдонларни кўришга» тез-тез бориб туришида ҳам бошқа манфаат бўлган албатта. У дўстона суҳбатлар давомида Арнасойнинг чунонам тарифини келтириб мақтардики, ҳар қандай ёш йигитда беихтиёр бу ғаройиб туманни кўриш истаги пайдо бўларди.

– Мен ҳам Муҳаммаджон аканинг «ташвиқоти» билан 1981 йилда Арнасойга келиб, шу заминга бир умр боғланиб қолдим, – дейди Равил Давидов. – Мени туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабига мураббий қилиб олишлари билан волейбол жамоасини туздим. Ҳозиргидек, шароит қаёқда, очиқ майдонда чанг кўтариб машқ қилардик. Бошқа туманларни енгган бўлсак ҳам, вилоятдаги спорт амалдорлари бизнинг жамоамиз борлигини тан олишни исташмаганди. Ўшанда жамоа эканлигимизни исбот қилиш учун вилоят терма жамоасини енгганмиз. Кейинчалик эса вилоят волейбол терма жамоаси асосий таркиби аъзоларининг кўпчиги арнасойлик ёшлардан иборат бўлди.

Шаҳар яқинидаги обод қишлоқда зиёли оилада туғилиб вояга етган йигит Қизилқумнинг жазирама, суронли бағридаги Арнасойнинг ҳаётига кўникиб кетишига ҳам спортга бўлган муҳаббати сабаб эди. Бошида бир-икки йилда қайтиш нияти бўлган ёш мураббий бошлаб қўйган ишларини охирига етказмасдан кетишни кўзи қиймади. Ўз биносига эга бўлмаган мактаб учун стадион, спорт майдонлари қуриш, қишлоқ болаларида нафақат волейбол, спортнинг барча турларига қизиқиш уйғотиш учун елиб-югирди.

Мураббий бўлиш учун фақат кучли спортчи бўлишнинг ўзигина етарли эмас, педагогикани, болаларнинг психологиясини ҳам билиши зарур экан. Жисмоний тарбия институтининг сиртқи бўлимига кириб ўқиди. Ўқиш даврида Лариса исмли қизга уйланди. Кейин бирин-кетин фарзандлар туғилди.

Иш, ўқиш, рўзғор, болалар ташвишлари унга йилларнинг қандай тез ўтганлигини сездирмади. Шу йиллар давомида одамлар, ҳамкасблари ўртасида, маҳалласида ўрнини топди.

Турмуш ўртоғи Лариса Вячеславна тумандаги 10-ўрта мактабида ўқитувчи бўлиб ишларди. У болаларда спортга қизиқиш уйғотишда ҳам, жамоат ишларида ҳам Равил аканинг яқин ҳамкори бўлди.

Ота-оналарининг йўлидан бориб қизлари Гулсум ва Зарина ҳам ўқитувчилик касбини танлашди. Ўғиллари Рифат ва Фарид бошқа касб эгалари бўлсада, спорт уларга ҳам бегона эмас. Давидовлар оиласи ҳар йили ўтказиладиган «Отам, онам ва мен – биз спортчилар оиласи» мусобақасида бир неча йиллар ғолиб чиққан. Энди сулола анъанасини неваралар давом эттирмоқда.

Ўтган йиллар давомида Равил ака ўзи учун қадрдон бўлган, дастлаб меҳнат фаолиятини бошлаган ва ҳозир ҳам ишлаётган туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳаётида рўй берган барча ўзгаришларда узлуксиз қатнашиб келаётир. У бу даргоҳда аввал мураббий, кейин директор бўлиб ишлади. Унинг ишчанлигига, ташкилотчилигига зарурият пайдо бўлганида туман спорт қўмитаси раҳбари лавозимига тайинланди.

У спорт соҳасида қайси вазифада ишласа ҳам битта мақсадга – болалар спортини ривожлантиришга хизмат қилишини бир зум ҳам ёдидан чиқармади. Шунинг учун туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби фаолиятини ривожлантириш, болаларни спортга қизиқтириш унинг асосий иши бўлиб келди. Ёшларга мураббийлик қилиш билан доимий шуғулланди, уларнинг севимли устозига айланди.

– Муҳаммаджон ака ҳозир Андижонда яшайди, – дейди Р. Давидов. – У киши билан учрашганда, энди сиз келиб бир кўриб кетинг Арнасойнинг қандай ўзгарганини дейман. Сиз ҳам менга ўхшаб кетолмай қоласиз, деб тарихни эсга соламан. Бугун мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз бермоқда. Шу жумладан туман спортида ҳам.

Бундан ўттиз йил муқаддам қурилган туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби биноси беш аввал реконструкция қилиниб, замонавий спорт иншоотига айлантирилган эди. Бу йил мактабда яна 245 миллион сўмлик таъмирлаш ишлари бажарилиб яна янгиланди.

Таъмирлаш давомида мактаб стадионида 200 метр югуриш йўлаги қурилди, томошабинлар ўриндиқлар ўрнатилди. Асосий бинонинг том қисми янгиланди, деворлари пардозланди. Спорт зали ички қисми жорий таъмирдан чиқарилди. Бино атрофларда ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Ҳовли атрофларига тунги ёритгичлар ўрнатилди.

Мактаб кенгайтирилиши, шарт-шариотларнинг яхшиланиши болаларни кўпроқ жалб этиш имкониятини яратмоқда. Бундан уч йил аввалгига қараганда спорт мактаби болари сони деярли икки бараварга кўпайди. Айни пайтда мактабда спортнинг 9 та олимпиада, 7 та бошқа турлари бўйича 60 гуруҳда 834 нафар ўқувчи шуғулланаётир. Уларнинг 249 нафари қизлардан иборат.

Мактаб спортчиларининг натижалари йилдан йил, мусобақадан мусобақага ўсиб бораётир. Жорий йилда ҳам яхши натижаларга эришилаётир. Мактаб спортчилари жорий йилда халқаро мусобақаларда 2 та, Осиё турнирлари 3 та, республика мусобақалари 60 медални қўлга киритишди.

Бу ўзгаришларнинг барчасида Равил аканинг ҳиссаси катта. У мураббийлик фаолиятини бошлаганида энди спортчи сифатида юқори натижаларга эришиш эмас, юқори натижага эришадиган спортчиларни тайёрлаш асосий мақсад эканлигини англаб етганди. У бутун фаолияти давомида ёшларга спорт сирлари ўргатиш, уларга спорт билан шуғулланишлари шарт-шароитлар яратиш учун сидқидилдан меҳнат қилиб келаётир.

– Равил ака фақат менга эмас, кўплаб спортчиларга, спорт мутахассисларига устозлик қилиб келаётган тажрибали мураббий, – дейди спорт мактабининг турон якка кураши тўгараги раҳбари Дилшод Худойқулов. – Бугунги кунда мактабимиз кўп кўрсаткичлар бўйича вилоятдаги энг олдиндаги ўринларнинг бирида. Бу ютуқларда устозимизнинг ҳиссаси катта.

Устоз ҳақида бундай самимий фикрни унинг бошқа шогирдларидан, ҳамкасбларидан ҳам эшитдик. Кўпчиликнинг яхши баҳоси эса энг муносиб мукофотдир.

12.jpg

7.jpg

4 308
Тошқул БEКНАЗАРОВ, Жамшид ЁРБEКОВ (сурат), ЎзА