Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.11.2017 17:36 Чоп этиш версияси

Шароф Рашидов хотирасига бағишланган мусобақа

Шароф Рашидов хотирасига бағишланган мусобақа Йирик давлат арбоби ва атоқли ёзувчи Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллигини нишонлаш бўйича Республика ташкилий қўмитаси ишлаб чиққан дастурга кўра, Жиззахда спортнинг энг оммавий турлари бўйича хотира турнирлари ва биринчиликлар ўтказилди.

Дастур доирасида 2002-2003 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида бокс бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақаси бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, Бокс федерацияси ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан 364 нафар ёш спортчи қатнашди.

3.jpg

Жиззах олимпия захиралари коллежида бир ҳафта давом этган мусобақаларда 15 вазн тоифасида ғолиблар аниқланди. Ғолиб ва совриндорларга Шароф Рашидов сиймоси туширилган махсус медаллар, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.

Мусобақа доирасида ёш спортчилар атоқли давлат арбоби ва ёзувчи Шароф Рашидовнинг ҳаёт ва меҳнат фаолияти, у туғилган ҳудуднинг диққатга сазовор жойлари билан танишди. Шароф Рашидов ёдгорлик мажмуаси, музейи, Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони, Ҳамид Олимжон ва Зулфия номидаги ўзбек тили ва адабиёти фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернати, юртимизнинг улуғ фарзандлари вояга етган заминда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ёшларда катта таассурот қолдирди.

5.jpg

– Мусобақа тенгдошлар билан нафақат боксда ўзаро куч синашиш, балки Ватанимиз тарихини, буюк аждодларимиз ҳаётини ўрганишда ҳам амалий дарс бўлди, – дейди мусобақа ғолибларидан бири Наманган олимпия захиралари коллежи ўқувчиси Илҳом Ортиқов. – Мусабақадан бўш пайтларимизда Жиззахнинг диққатга сазовор жойларига уюштирилган экскурсиялар Ватанимиз тарихи, улуғ аждодларимиз ҳаёти ҳақидаги билимимизни бойитди. Айниқса, Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолияти ҳақида кўп янги маълумотларга эга бўлдик.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
2 594






Все о погоде - Pogoda.uz