Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.02.2017 18:00 Чоп этиш версияси

Сеторанинг орзулари

Республика олимпия захиралари теннис мактаби тарбияланувчиси Сетора Нормуродова тўққиз ёшидан спортнинг теннис тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. У теннис бўйича уч карра мамлакатимиз чемпионлигини қўлга киритган. Сетора 2016 йили 14 ёшли қизлар ўртасида Осиёнинг биринчи рақамли теннисчиси бўлди.

Мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турларини ривожлантириш, ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол инсонлар қилиб тарбиялашга қаратилаётган алоҳида эътибор юртимиз теннис мактабининг юксалишида, ёш иқтидорли теннисчиларнинг камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Сеторани машғулотлар залида учратдик. Ёш теннисчи машқларни қунт ва иштиёқ билан бажармоқда. Онаси фарзандининг эпчил ҳаракатларига хавас қилиб, соғлом бўлиб улғаяётганидан хурсанд бўлиб қараб турибди.

– Қизим Сеторани уч йил аввал ушбу мактабга олиб келганман, – дейди Севара Ҳамроева. – Яқинда қизим нуфузли мусобақада иштирок этади. Мен у қатнашадиган ҳар бир мусобақани кузатишга ҳаракат қиламан. Сетора бу йил ўн беш ёшга киради. Бўйи-басти ёшига нисбатан баланд, қадди-қомати тўғри ривожланмоқда.

Бугун халқаро майдонларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилаётган Денис Истомин, Жўрабек Каримов, Санжар Файзиев, Тимур Исмоилов, Нигина Абдураимова, Сабина Шарипова, Камола Умарова каби моҳир ракетка усталарини дунё теннис мухлислари яхши танийди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2008 йил 29 апрелдаги қарори билан ташкил этилган Республика олимпия захиралари теннис мактаби юқори малакали теннисчиларни тайёрлаш, уларнинг маҳоратини ошириш учун зарур шарт-шароит яратиш, теннис бўйича мамлакат терма жамоаси сафини ёш спортчилар билан бойитишга хизмат қилмоқда.

Ушбу мактабда 56 ёш теннисчига ўндан зиёд халқаро тоифадаги устоз ва мураббий сабоқ бермоқда. Республика олимпия захиралари теннис мактабининг захираси ҳисобланган 100 нафарга яқин бошланғич синф ўқувчисига ҳам доимий эътибор қаратилаётир.

– Бу ерга ўқувчилар 5-синфдан қабул қилинади, – дейди теннис мактаби директори Самиғ Обидов. – Синов имтиҳонлари жараёнида ўқувчининг билими, жисмоний ҳолати ва кортда қандай ҳаракат қилиши асосий мезонлардир. Теннис мактаби қошида интернат ҳам фаолият кўрсатаётир. Бу ерда юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ўқувчилар турар жой, спорт анжомлари, теннис формалари билан таъминланади. Ўқувчиларимизга тажрибали теннисчилар томонидан маҳорат сабоқлари ташкил этилади. Бу ўқувчиларнинг теннис сирларини пухта эгаллаши ва тажриба тўплашида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Мактабда халқаро талабларга жавоб берадиган 20 теннис корти мавжуд. Уларнинг 13 таси резина қопламали, 4 таси қум билан қопланган очиқ корт, 3 таси эса резина билан қопланган усти ёпиқ кортлардир. 2 машғулот зали, ёзги сузиш ҳавзаси, тренажёр зали ўқувчилар ихтиёрида. Анъанавий “Tashkent Оpen”, “Tashkent Сhаllenger” ҳамда “Davis Cup” каби халқаро мусобақалар ҳам шу теннис мактаби кортларида ўтказилади.

Бугунги кунда Республика олимпия захиралари теннис мактаби битирувчилари бўлган Сабина Шарипова, Лайло Баҳодирова, Гўзал Юсупова, Темур Исмоилов, Санжар Файзиев, Ҳумоюн Султонов каби маҳоратли ёш теннисчилар халқаро миқёсдаги мусобақаларда муносиб қатнашмоқда. Мазкур мактаб ўқувчилари орасидан келгусида жаҳон кортларида энг кучли ракеткачилар билан баҳслашишга қодир кўплаб теннисчилар етишиб чиқади.

Сетора Нормуродова ҳам келажакда жаҳон майдонларидаги нуфузли турнирларда мамлакатимиз байроғини баланд кўтариб, юксак ғалабаларга эришиш орзусида тинимсиз ишламоқда.

– Мамлакатимизда ёшларнинг ҳар томонлама соғлом ўсиши, ўзи танлаган соҳада юксак натижаларни қўлга киритиши учун кенг имкониятлар яратилган, – дейди Сетора. – Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
765






Все о погоде - Pogoda.uz