ЎзА Ўзбек

10.09.2018 15:09 Чоп этиш версияси

САИДАМИРХОН ТУРҒУНБОЕВ БРОНЗА МЕДАЛИ СОҲИБИ

САИДАМИРХОН ТУРҒУНБОЕВ БРОНЗА МЕДАЛИ СОҲИБИ

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Аллюр“ от спорти клубида от спортининг тўсиқлардан сакраш (конкур) тури бўйича жаҳон кубоги финал босқичи ўтказилди.

Дунёнинг 30 дан ортиқ давлатидан спортчи ва мутахассислар иштирок этган “FEI World Jumping Challenge“ мусобақаси финал босқичида 16 давлатнинг сара 19 спортчи чавандози ғолиблик учун ўзаро беллашди.

28.jpg

– "FEI World Jumping Challenge" мусобақасининг финал босқичи Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб илк бор Ўзбекистонда ўтказилди, – дейди Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси матбуот котиби Анвар Суюнов. – Мусобақанинг мазкур финал босқичига мамлакатимиз билан бир қаторда Португалия, Эквадор ва Жанубий Америка қитъасининг бир қатор давлатлари мезбонлик қилиш учун номзод эди. Халқаро от спорти федерациясининг 2017 йил ноябрь ойида Уругвай пойтахти Монтевидео шаҳрида ўтказилган Бош Ассамблеясида Ўзбекистон номзоди сайлов йўли билан мезбонлик қилиш ҳуқуқига эга бўлган эди.

Нуфузли мусобақа финал босқичида юртимизнинг икки ёш моҳир чавандози Абдушукур Собиржонов ва Саидамирхон Турғунбоев мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Жумладан, ҳамюртимиз Абдушукур Собиржонов 120 сантиметр баландликдаги тўсиқлардан от сакратишда “Режайна“ лақабли оти билан 61,8 сония натижа қайд этиб, пешқадамликни қўлга киритган эди. Биринчи гитта яна бир ҳамюртимиз Саидамирхон Турғунбоев ҳам яхши натижа кўрсатиб, навбатдаги босқичга йўлланмани қўлга киритди.

30.jpg

Ҳал қилувчи баҳсларда 10 спортчи, жумладан мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган ҳар икки чавандоз ҳам ғолиблик учун кураш олиб борди. Мазкур гитта Саидамирхон Турғунбоев ўз чиқишини хатосиз амалга оширган бўлса, Абдушукур Собиржонов саккиз жарима очкосини “ишлаб олди“.

Мусобақа умумий натижасига кўра, Исроил давлати вакили Стернбах Надав “Арагон“ лақабли оти билан биринчи ўринни қўлга киритди. Аргентиналик спортчи Ричард Киеркигард эса “Рамиро“ лақабли отида иккинчи ўринга сазовор бўлди. Мусобақанинг бронза медали “Амбассадор“ лақабли оти билан муваффақиятли иштирок этган ҳамюртимиз Саидамирхон Турғунбоевга насиб этди.

Авазбек Худойқулов, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА
2 814