Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 12:01 Чоп этиш версияси

Пойтахтимизда бадиий гимнастика бўйича Ўзбекистон очиқ чемпионати бўлиб ўтди

Ўзбекистон гимнастика федерацияси томонидан спортчи қизларимизни нуфузли мусобақаларга, жумладан, шу йилнинг 18-19 апрель кунлари Тошкент шаҳрида ўтказиладиган "Happy Сaravan" анъанавий халқаро турнирига пухта тайёрлаш мақсадида ташкил этилган чемпионатда 150 дан зиёд гимнастикачи ғолиблик учун баҳслашди.

Мусобақанинг спорт усталари ўртасидаги шахсий кўпкураш баҳсларида самарқандлик Нуринисо Усмонова 67,5 балл жамғариб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Пойтахтлик Сабина Тошкенбоева 65,25 балл билан иккинчи, самарқандлик Шаҳзода Ғуломова 60,25 балл билан учинчи ўринни эгаллади.

Ўсмир-қизлар ўртасидаги баҳсларда пойтахтлик Диёра Бурҳонхўжаеванинг чиқиши ҳакамлар томонидан юқори баҳоланди (62,4 балл). Тошкентлик яна бир спортчи Лола Зокирова кумуш, самарқандлик Тахмина Икромова бронза медаль билан тақдирланди.

Гуруҳлар ўртасидаги кўпкураш баҳсларида 43,15 балл тўплаган Ўзбекистон терма жамоаси олтин медални қўлга киритди. Чилонзор тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактаби гимнастикачилари 31,25 балл билан иккинчи, Бухоро шаҳри спортчилари 30,5 балл билан учинчи ўринни эгаллади.

Умумжамоа ҳисобида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро гимнастикачилари кучли учликдан жой олди.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
2 474






Все о погоде - Pogoda.uz