Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.02.2017 12:34 Чоп этиш версияси

Полвонлар – эл-юрт фахри, ғурури

Пойтахтимизнинг Юнусобод туманидаги 327-умумтаълим мактабида «Мамлакатимизда миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш орқали ёшларимизни соғлом ва ҳар томонлама етук қилиб тарбиялашда фахрий полвонларнинг ўрни» мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Полвонлар миллий маркази, Юнусобод тумани халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими ҳамда "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Юнусобод тумани бўлинмаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир иштирокчилари мамлакатимизда ёш авлодни маънан етук, жисмонан соғлом инсонлар қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонуни бу борадаги истиқболли ишлар изчиллик билан давом эттирилаётганидан далолатдир.

Мамлакатимизда спортга қаратилаётган катта эътибор натижасида спортчиларимиз халқаро миқёсда улкан зафарлар қучмоқда. 2016 йил Рио-де Жанейро шаҳрида ўтгазилган Олимпия ўйинларида қўлга киритилган ғалабалар фикримизнинг тасдиғидир.

Мутахассислар кейинги ўн йилликда мамлакатимизда 14 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида ўртача вазн кўрсаткичи 43 килограммдан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограммга ортганини эътироф этмоқда. Рақамлар аксарият ўғил-қизларимизнинг вазни ва бўйига доир кўрсаткичлари Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига тўла мос келишини кўрсатаётир.

Миллий қадриятлар пойдевори саналган халқ ўйинларини тарғиб қилиш, ёшларни оммавий спортга жалб қилиш ва мунтазам шуғулланишини таъминлаш ўсиб келаётган ёш авлоднинг саломатлиги ва жисмоний ривожланишига ижобий таъсир қилади.

Давра суҳбатида бу борада "Мактаб – оила – маҳалла" ҳамкорлигини янада кучайтириш кераклиги таъкидланди. Ёшларни соғлом, етук ва баркамол қилиб тарбиялашда фахрий полвонларнинг ўрни ҳақида сўз юритилди. Мактабларда фахрий спортчилар бурчакларини яратиш, улар билан учрашувлар ташкил қилиш ўқувчиларни спортга қизиқтиришнинг самарали усулларидан бири эканлиги айтилди.

– Мактабимиздаги фахрийлар бурчаги кўпинча гавжум, – дейди 327-умумтаълим мактаби жисмоний тарбия ўқитувчиси Илҳом Мадраҳимов. – Улар спортчиларнинг суратларига тикилиб нималарнидир ўзаро баҳслашаётган, ютуқларини муҳокама қилаётган бўлади...

Мактабда ўнга яқин спорт тўгараклари фаолият кўрсатмоқда. Аксарият ўқувчилар ушбу тўгаракларга қатнашиб, турли мусобақаларда совринли ўринларни қўлга киритмоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
715






Все о погоде - Pogoda.uz