ЎзА Ўзбек

15.05.2019 10:45 Чоп этиш версияси

Парадзюдочиларимиз Боку Гран-присида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди

Парадзюдочиларимиз Боку Гран-присида умумжамоа ҳисобида биринчи бўлди

Кеча Озарбайжоннинг Боку шаҳрида парадзюдо бўйича Гран-при сериясига кирувчи халқаро турнир ўз якунига етди. Турнирнинг иккинчи кунги дастурида оғир вазнли спортчилар ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Қувонарлиси, кечаги дастурда татамига чиққан дзюдочиларимиз иккита олтин ва битта бронза медалини қўлга киритишди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Эркаклар ўртасидаги беллашувларда энг оғир, яъни 100 кг.дан юқори вазн тоифасида ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Ширин Шарипов ҳамда қизларимиздан Нафиса Шерипбаева (-63 кг.) барча рақибларини мағлуб этган ҳолда олтин медалга сазовор бўлди. Васила Алибоева (-70 кг) бронза медали учун кечган беллашувда ғалаба қозониб, терма жамоамиз ҳисобига яна битта медални қўшиб қўйди.

Шу тариқа Боку Гран-присида тўрттадан олтин ва бронза медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгаллади.

Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақа орқали вакилларимиз 2020 йили Токиода бўладиган Паралимпия ўйинлари учун қимматли рейтинг очколарини жамғаришди.

ЎзА
2 066