ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

Қозон шаҳрида ташкил этилган Халқаро спорт фестивалида юртимиз ёшлари фахрли ўринни эгаллади

Қозон шаҳрида ташкил этилган Халқаро спорт фестивалида юртимиз ёшлари фахрли ўринни эгаллади

Жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг ўқувчи-ёшлари ўртасида ўтказилган “VII Халқаро мактаб спорти фестивали” бўлиб ўтди. Унда 11 мамлакатдан келган терма жамоалар таркибидаги 483 нафар ўқувчилар қатнашди.

Халқ таълими вазирлиги хабарига кўра, спорт фестивалида Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Россия, Тожикистон, Украина, Туркманистон, Беларус, Молдова, Қозоғистон ҳамда Қирғизистон давлатлари мактаб ўқувчилари спортнинг бадминтон, баскетбол, волейбол, мини-футбол, стол тенниси, шахмат ҳамда мини сув полоси турлари бўйича беллашдилар.

Юртимиз шарафини ҳимоя қилган, юртимизда ўтказилган “Ёшлик спорт жамоалари” спорт мусобақаларида ғолиб бўлган Жиззах вилояти Зарбдор тумани 2-, 3-, 9- мактаб ўқувчиларидан шакллантирилган 8 нафар спортчи қизлар ушбу фестивалда спортнинг волейбол тури бўйича фахрли учинчи ўринни қўлга киритди.

Татаристон Республикаси Спорт вазирлиги матбуот хизмати берган маълумотга кўра, мусобақалардан сўнг спортчилар Қозоннинг диққатга сазовор жойларига саёҳат қилди. Сўнгра таниқли спортчилар ҳақидаги фильм намойиши ва ташкил этилган маҳорат дарсларида иштирок этишга муваффақ бўлди.

Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

2 858
ЎзА