ЎзА Ўзбек

01.09.2018 12:11 Чоп этиш версияси

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ. Боксчиларимиздан дастлабки олтин

ОСИЁ ЎЙИНЛАРИ. Боксчиларимиздан дастлабки олтин
Бугун Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида давом этаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг аксарият йўналишларида баҳслар якунига етади. Жумладан, кўпчилик мухлисларимизнинг эътиборини тортаётган бокс мусобақаларида ҳам олтин медал соҳиблари аниқланмоқда.

Бундан бироз муқаддам 49 килогача бўлган вазн тоифасида Рио олимпиадаси ғолиби, Осиё чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ҳиндистонлик маҳоратли боксчи Амитга қарши жанг олиб борди. Бу икки рақиб ўртасида кечган сўнгги жангда 22 ёшли ҳинд спортчисининг қўли баланд келган эди. Бу сафар Ҳасанбой ўша мағлубият учун реванш олиш, қолаверса Осиё ўйинларида ўзбекистонлик боксчиларнинг олтин медаллари ҳисобини очиб бериш мақсадида дастлабки дақиқалардан ҳужумга ташланди. Бироқ, ҳимоядаги хатолар натижасида рақибига 3-2 ҳисоби билан ютқазиб қўйди.

52 килогача бўлган вазн тоифасида яна бир ҳамюртимиз Жасурбек Латипов Филиппин терма жамоаси аъзоси Рожен Ладон билан куч синашди. Ушбу жанг 2-раунддаёқ тўхтатилди, боиси ҳар икки спортчи жароҳат олишгани боис рефери жангни давом эттиришга рухсат бермади. Ҳисоб-китобларга кўра кичик устунлик билан Жасурбек Латипов ғалаба қозонди ва истиқлолимизнинг 27 йиллик тўйига дастлабки олтин медал туҳфа этилди.

Қолган боксчиларимиздан ҳам ғалабалар кутиб қоламиз.

ЎзА
4 263