Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.03.2018 18:37 Чоп этиш версияси

Осиё полвонлари Пуна шаҳрида қитъа чемпионлиги учун гиламга тушади

Жорий йил 22-25 март кунлари Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида Осиё-Океания кураш конфедерациясининг (КСАО) тақвимидан жой олган нуфузли мусобақа – кураш бўйича Х Осиё чемпионати бўлиб ўтади.

Мусобақалар эркаклар ўртасида 7, аёллар ўртасида 8 вазн тоифасида ўтказилади.

КСАО матбуот хизматидан маълум қилинишича, чемпионат доирасида Осиё-Океания кураш конфедерациясининг ижроия қўмитаси мажлиси ва Конгресси ташкил этилади.

Конгресс кун тартибига конфедерация вице–президентлари ва қўмита раҳбарлари ҳисоботларини тинглаш, янги федерацияларни аъзоликка қабул қилиш, курашни янада ривожлантириш бўйича таклифларни муҳокама қилиш ва бошқа масалалар киритилган.

Мусобақа давомида жорий йил Индонезияда бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинларида кураш бўйича беллашувларги бошқарадиган ҳакамлар учун махсус ўқув-семинари ўтказилади. Шунингдек, 2017 йил якунига турли номинациялар бўйича энг яхши деб топилган бир гуруҳ спорт вакилларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

Ҳиндистон кураш федерациясидан олинган маълумотга кўра, мазкур нуфузли спорт анжуманини юқори даражада ўтказиш учун барча ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Кураш бўйича Осиё чемпионатларига шу пайтгача Тошкент, Шаҳрисабз (Ўзбекистон), Деҳли, Керала (Ҳиндистон), Теҳрон, Машҳад (Эрон), Қобул (Афғонистон), Улан-Батор (Мўғулистон), Байрут (Ливан) шаҳарлари мезбонлик қилган.

Осиё-Океания кураш конфедерацияси Кураш халқаро ассоциацияси таркибидаги Осиё ва Океания кураш конфедерацияларининг 2017 йил 4 январь куни бўлиб ўтган бирлашув конгрессида ягона конфедерация сифатида ташкил этилган.

Осиё Олимпия кенгашининг 2017 йил 20 сентябрдаги Бош Ассамблеясида спортнинг кураш тури жорий йил август-сентябрь ойларида Индонезияда бўлиб ўтадиган ёзги Осиё ўйинлари дастурига расман киритилган.

ЎзА
8 567