Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 19:38 Чоп этиш версияси

Осиё кубоги спортчиларимизда

Самарқанд эшкак эшиш каналида байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Осиё очиқ кубоги ва параканоэ бўйича Осиё чемпионати мусобақалари якунланди.

Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон спортчилари иштирок этган мусобақалар қизғин ва муросасиз курашларга бой бўлди. Айниқса, вакилларимиз барча турларда юксак маҳорат кўрсатиб, юқори натижаларга эришди.

1000 метрга тўрт кишилик каноэда эшкак эшиш бўйича юртимиз шарафини ҳимоя қилган А.Тропин, У.Иброҳимов, В.Горн ва Ш.Маҳкамов тўртлиги, байдаркада Н.Тўхтасин ўғли, С.Тожиев, Г.Кочнев ва С.Мирбеков маррага биринчи бўлиб етиб келди. Ўсмирлар ўртасидаги баҳсларда ҳам юртимиз спортчилари ғолибликни қўлга киритди.

Катталар ўртасида каноэда 500 метрга эшкак эшишда А.Мочалов, аёллар ўртасида Е.Шубина, ўсмирлардан А.Герман, қизлардан Д.Мишина биринчи ўринни эгаллади. Шу масофада мусобақалашган байдаркачиларимиз Г.Кочнев, Н.Зокирова, С.Иноғомов ва Г.Файзиева ҳам ўз гуруҳларида биринчи бўлди.

Мусобақанинг 200, 500 ва 1000 метр масофага эшкак эшиш беллашувларида ўзбекистонлик спортчилар рақибларига ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Шу тариқа вакилларимиз умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллаб, Осиё кубогини қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан муносиб тақдирланди.

Мусобақа доирасида иштирокчилар Самарқанднинг диққатга сазовор масканларини томоша қилди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
1 476






Все о погоде - Pogoda.uz