Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

10.04.2017 13:57 Чоп этиш версияси

Осиё чемпионатида медаллар шодаси

Осиё чемпионатида медаллар шодаси Пойтахтимизда шахмат бўйича 8-18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида терма жамоамиз аъзолари 8 олтин, 12 кумуш ва 9 бронза, жами 29 медални қўлга киритди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, мамлакатимиз шахмат федерацияси ва Осиё шахмат федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган нуфузли мусобақада қитъамизнинг 20 га яқин давлатидан 400 га яқин шахматчи ғолиблик учун баҳслашди. Осиё чемпионати уч йўналишда – стандарт, рапид ва блиц бўйича ўтказилди.

Нуфузли мусобақанинг швейцарча тизимда тўққиз турдан иборат стандарт шахмат баҳсларида спортчиларимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 3 олтин, 4 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритди.

Чемпионатнинг ўн олти ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳсларида шахматчиларимизга тенг келадиган рақиб топилмади. Тажрибали шахматчимиз Нодирбек Ёқуббоев тўққиз партиянинг олтитасида ғалаба қозониб, иккитасида дуранг натижа қайд этди ва 7 очко билан Осиё чемпиони бўлди. Тўққиз турнинг бештасини ғалаба ва тўрттасини дуранг билан якунлаган Шамсиддин Воҳидов ҳам 7 очко тўплаб, қўшимча кўрсаткичлар бўйича кумуш медалга сазовор бўлди. Учинчи ўрин тўққиз имкониятдан 6,5 очко жамғарган Саидакбар Сайдалиевга насиб этди.

Ўттиз беш шахматчи иштирокида ўтган ўн икки ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳс ҳам ёш, иқтидорли спортчимиз Жавоҳир Синдоровнинг ғалабаси билан якунланди. У тўққиз имкониятдан 7,5 очко жамғариб шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Саккиз ёшгача қизлар баҳсида Афрўза Ҳамдамова тўққиз партиянинг саккизтасида ғалаба қозониб, биттасида дуранг натижа қайд этди ва 8,5 очко билан олтин медални қўлга киритди. Тўққиз имкониятдан 7 очко жамғарган Одина Олимова кумуш медаль билан тақдирланди.

Ўз ёш тоифасида Нодирбек Абдусатторов (8 очко) биринчи, Умархон Фахриддинхўжаев (6,5 очко) иккинчи, Алихон Авазхонов (6,5 очко), Гулруҳбегим Тоҳиржонова (6,5 очко) учинчи ўринни эгаллади.

Чемпионатнинг рапид баҳсларида мамлакатимиз спортчилари 3 олтин, 4 кумуш ва 3 бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллагани ҳақида аввал хабар берган эдик. Ўз ёш тоифасида Шамсиддин Воҳидов, Ортиқ Ниғматов, Гулруҳбегим Тоҳиржонова Осиё чемпиони бўлди. Афрўза Ҳамдамова, Шаҳромбек Каримов, Акобирхон Сайдалиев, Нилуфар Ёқуббоева кумуш медални қўлга киритди. Ҳумоюн Синдоров, Абдулбосит Шарифжонов ва Георгий Шванов бронза медаль билан тақдирланди.

Блиц мусобақасида ака-ука Жавоҳир ва Исломбек Синдоровлар қитъада тенгсиз эканини исботлади. Ўн икки ёшгача ўғил болалар ўртасида Жавоҳир 8 очко билан шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилган бўлса, Исломбек ўн ёшгача болалар баҳсида 7,5 очко жамғариб, олтин медалга сазовор бўлди.

Ўз ёш тоифасида Нодирбек Ёқуббоев, Ҳумоюн Бекмуродов, Маҳим Оразмуҳаммедова, Афрўза Ҳамдамова кумуш, Шамсиддин Воҳидов, Ситора Сапарова, Нозима Валиева бронза медаль билан тақдирланди.

– Пойтахтимизда ўтган Осиё чемпионатида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганимиздан хурсандмиз, – дейди Нодирбек Ёқуббоев. – Мусобақалар қийин ўтди, рақибларимиз бор тажриба ва маҳоратини намоён этди. Лекин биз мураббийлар ва халқимиз ишончини оқлашга ҳаракат қилдик. Келгусида жаҳон чемпионатларида ҳам юқори натижаларга эришишга ваъда берамиз.

Байрам Айтмуродов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
2 827






Все о погоде - Pogoda.uz