ЎзА Ўзбек

31.12.2018 17:57 Чоп этиш версияси

Ўзбекистон афсонаси — Оксана Чусовитина

Ўзбекистон афсонаси — Оксана Чусовитина

«Миллий спорт мукофоти-2018» тақдирлаш маросимида «Халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун» номинациясида ғолибни аниқлаш лаҳзалари жуда ҳаяжонли кечди. Негаки, ушбу йўналишда даъвогарларнинг барчаси ғолибликка муносиб эди.

Ахир теннис бўйича Осиё ўйинлари ғолиби, мамлакатимиз спортчилари орасида энг биринчи бўлиб Токио-2020 олимпиадасига йўлланмани нақд қилган Денис Истомин ёки бўлмаса оналик бахтига мушарраф бўлганидан кейин яна катта спортга қайтган ҳамда Осиё ўйинларида чемпион бўлиш баробарида мусобақа рекордини янгилаган Светлана Радзивил шу номга лойиқ эмасмиди?!

ALM_9553-2208x1472.JPG

Аммо, даъвогарлар орасида яна бир атлетимиз бор эдики, уни бугун нафақат ўзбек, балки дунё спорт гимнастикасининг тирик афсонаси, дейишга ҳақлимиз. Англаган бўлсангиз керак, гап спортимиз фахри Оксана Чусовитина ҳақида бормоқда ва «Халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун» номинациясида айнан унинг ғолиб чиққанлиги ҳар жиҳатдан адолатли қарор бўлди. Зотан, саҳнада Чусовитинанинг номи эълон қилинганда ва спортчимиз мукофотни қабул қилиб олаётганида залга йиғилган барча юртдошларимиз Оксанани ўринларидан туриб олқишлашди. Спортчи учун бундан ортиқ бахт борми?

Маросимда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига берган интервьюсида Оксана Чусовитина ортда қолаётган йил таассуротлари ва келгуси режалари билан қисқача ўртоқлашди:

«Албатта, мени мана шундай юксак мукофотга муносиб кўришганидан хурсандман. Лекин, тан олишим керак, бу совринга нафақат менга рақобатчилик қилган спортчилар, балки мана шу муҳташам залда тўпланган ҳар бир атлетимиз муносиб эди. Шу маънода бугун менинг омадим чопди, дейиш мумкин. Боиси, халқаро майдонларда ватанимиз байроғини юқорига кўтариб келаётган ҳар бир спортчи ушбу номга ҳақли. Шу сабабли мен ўз қувончимни барча спортчи дўстларим билан баҳам кўраман. Фурсатдан фойдаланиб, мени ҳар қандай шароитда қўллаб-қувватлаётган мухлисларимга ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Ортда қолаётган йил ҳақида гапирадиган бўлсам, 2018 йил спорт фаолиятимда ўзига хос из қолдирди, дейиш мумкин. Ёрқин ғалабалар билан бирга аламли мағлубиятлар ҳам кузатилди. Олдинда эса биз спортчилар учун масъулиятли йил кириб келмоқда, яъни 2019 йилда Олимпия ўйинларига йўлланмалар ўйналади. Шунинг учун Янги йил арафасида яхшилаб ҳордиқ чиқариб олиш ва янги спорт мавсумига янгича ғайрат билан кириб бориш керак. Биласизми, сўнгги вақтларда мендан тез-тез “спорт фаолиятингизни якунлаш ҳақида ўйламаяпсизми?”, деб сўрашмоқда. Мен эса уларга: “қачонки менга шу савол билан мурожаат қилишни бас қилмагунингизча шуғулланишда давом этавераман”, деб жавоб бераман. Ва албатта барча юртдошларимизни кириб келаётган Янги йил байрами билан қутлаган ҳолда уларга ҳамиша юзингиздан кулги аримасин, деб қоламан».

Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин​ (сурат), ЎзА
8 813