Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.02.2017 15:44 Чоп этиш версияси

Нодирбек ва Нилуфар Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди

Нодирбек ва Нилуфар Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди Пойтахтимизда шахмат бўйича 14-18 ёшгача ўғил-қизлар ўртасида ўтказилган мамлакат чемпионатида Нодирбек Ёқуббоев ва Нилуфар Ёқуббоева ўз ёш тоифасида ғолибликни қўлга киритди.

Мамлакатимизда таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, уларни ўзи қизиққан спорт турларига кенг жалб этишга қаратилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик ўз самараларини бераётир.

Биргина шахматни олайлик. Кишидан юксак интеллектуал салоҳият талаб қиладиган мазкур спорт тури бўйича мамлакатимизда илк жаҳон чемпионлигига 2004 йили Рустам Қосимжонов эришган эди. Бугун мактаб ўқувчилари ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатлари, халқаро турнирларда ғолиб ва совриндор бўлаётган иқтидорли шахматчиларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Айниқса, Нафиса Мўминова ва унинг сингиллари Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар, Нодирбек Абдусатторов ва Баҳора Абдусатторова, Исломбек ва Жавоҳир Синдоров сингари бир оиладан бир нечта иқтидорли шахматчиларнинг етишиб чиқаётгани қувонарлидир.

Хоразмлик Нилуфар Ёқуббоева ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам ана шундай чемпион ёшлардан. Нилуфар ҳам Нодирбек ҳам қатор халқаро мусобақаларда, қитъа ва жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда.

Пойтахтимизда ўтган мамлакат чемпионати ҳам шахматчилар учун жорий йилги спорт мавсумига тайёргарлик вазифасини ўтади.

Икки юзга яқин шахматчи иштирок этган мусобақанинг ўн олти ёшгача ўғил болалар ўртасидаги баҳслари Нодирбек Ёқуббоев ғалабаси билан якунланди. У тўққиз партиянинг биронтасида мағлубиятга учрамади. Шоҳруҳ Алиқулов, Сарварбек Олимжонов, Аҳмад Нуруллаев, Саидакбар Сайдалиев, Абдумалик Абдусалимов, Шамсиддин Воҳидов ва Бобур Эшбоевни енгган Нодирбек Далер Воҳидов ва Музаффар Эминжонов билан дуранг ўйнади ҳамда 8 очко билан Ўзбекистон чемпиони бўлди. Қолган совринли ўринлар Саидакбар Сайдалиев ва Далер Воҳидовга насиб этди.

Шу ёшдаги қизлар баҳсида Ситора Сапарова олтин, Ҳолида Намозова кумуш, Раъно Абдуҳолиқова бронза медаль билан тақдирланди.

Ўн саккиз ёшгача қизлар мусобақасида мағлубиятсиз ўйнаган Нилуфар Ёқуббоева ҳам олтин медални қўлга киритди. У тўққиз турнинг саккизтасида Мадина Жониқулова, Шаҳзода Шермуҳаммедова, Юлдуз Рамазонова, Ҳилола Абдукаримова, Нафиса Исломова, Моҳим Оразмуҳаммедова, Озода Рўзиқулова, Муслима Оллоқуловани енгиб, биттасида Баҳора Абдусатторова билан дуранг ўйнади ва 8,5 очко билан биринчи ўринни эгаллади. Б.Абдусатторова 8 очко билан иккинчи, Ҳ.Абдукаримова 6 очко билан учинчи бўлди.

Ўғил болалар ўртасида Ортиқ Ниғматов биринчи, Асилбек Собиров иккинчи, Георгий Шванов учинчи ўринни эгаллади.

Ўн тўрт ёшгача ўғил-қизлар баҳсларида Сардор Болтаев, Умар Исомов, Суҳробжон Авалбоев, Юлия Хегай, Дилбар Ҳамроева, Дилрабо Маъмурова ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Байрам Айтмуродов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
926






Все о погоде - Pogoda.uz