ЎзА Ўзбек

20.08.2018 18:48 Чоп этиш версияси

Нигорадан бронза, Ниёздан эса кумуш

Нигорадан бронза, Ниёздан эса кумуш Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларида баҳслар қизғин давом этмоқда.

Хотин-қизлар ўртасидаги таэквондо (WTF) бўйича ўтган беллашувларда вазни 67 килограммгача бўлган ҳамюртимиз Нигора Турсунқулова ярим финалда Жанубий Корея вакиласи Жанди Кимга қарши даянга кўтарилди. Афсуски, ушбу баҳсда ёш спортчимизга омад етишмади. Шу тариқа, Нигора Осиё ўйинларининг бронза медалини қўлга киритди.

Таэквондо баҳсларининг 58 килограммгача вазн тоифасида ҳамюртимиз Ниёз Пўлатов финалга қадар муваффақиятли иштирок этиб, Ўзбекистон делегациясига навбатдаги кумуш медални келтирди.

Палембанг шаҳрида Осиё ўйинларининг теннис мусобақалари бўлиб ўтмоқда.

Унда ҳамюртимиз Нигина Абдураимова қозоғистонлик Анна Данилинани 0:6, 6:2, 6:2, мамлакатимизнинг биринчи рақамли ракеткаси Сабина Шарипова эса вьетнамлик Ксилла Фодорни 7:5, 6:3 ҳисобида енгди.

Шунингдек, яккалик баҳсларнинг эркаклар ўртасидаги беллашувларида Денис Истомин покистонлик Оқил Хонни 6:3, 6:1, Жўрабек Каримов ливанлик Жовани Самахани 6:4, 7:6 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Жуфтлик баҳсларида қатнашаётган Ирода Тўлаганова ҳамда Сабина Шарипова Хитой Тайпейи вакилалари Пиечи Ли ва Чиенху Хсуга қарши кортга чиқди. Ушбу ўйинда ҳисоб 2:1 бўлиб турганда Ли ва Хсу учрашувни ўтказишдан бош тортди ва мағлубиятини тан олди.

Эркаклар ўртасида Денис Истомин ва Фаррух Дўстов покистонлик Муҳаммад Обид ва Музаммил Муртазони биринчи сетда тай-брекда иккинчи сетда эса 6:2 ҳисобида мағлубиятга учратди.

Осиё ўйинлари давом этмоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
3 619