Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

09.08.2018 19:12 Чоп этиш версияси

Мудофаа вазирлигининг Спорт клуби аъзолари XVIII ёзги Осиё ўйинларида​ 11 та спорт тури бўйича баҳслашади

Мудофаа вазирлигининг Спорт клуби аъзолари XVIII ёзги Осиё ўйинларида​ 11 та спорт тури бўйича баҳслашади
Мудофаа вазирлигида XVIII ёзги Осиё ўйинларида иштирок этиш учун йўл олаётган 47 нафар спортчи ва 3 нафар мураббийни вазирлик раҳбарияти томонидан тантанали кузатишга бағишланган маросим бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов иштирок этди.

2018 йилда Ўзбекистон ўсмирлар, ёшлар ҳамда миллий терма жамоалари таркибида жаҳон чемпионатлари, Осиё биринчиликлари, дунё ва қитъа кубоги баҳслари, Гран-при туркумига кирувчи йирик халқаро мусобақалар ҳамда анъанавий хотира турнирларида иштирок этган Спорт клуби вакиллари бугунги кунга қадар жами 612 та медалга, улардан республика миқёсида 511 та, халқаро миқёсида 101 медални қўлга киритган.

Олий тоифадаги спорт мактаби ҳисобланган Спорт клубида 19 спорт тури – бокс, баскетбол, кураш (эркин ва юнон-рум), ҳарбий-амалий спорт турлари ва ҳарбий-амалий якка курашлар (армрестлинг, қўл, универсал жанг ва пичоқ билан жанг қилиш спорт турлари), сув полоси, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, дзюдо, миллий кураш, енгил ва оғир атлетика, таэквондо, теннис, милтиқдан ва камондан ўқ отиш, трамполин, самбо ҳамда регби каби спорт турлари бўйича ёшлар шуғулланмоқда. 2016 йилда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларида ҳам Спорт клуб вакиллари мамлакатимиз шарафини муносиб улуғлади.

Спорт клубининг мамлакатимиз терма жамоаларига юқори тоифали спортчиларни тайёрлаб беришда ҳам алоҳида ўрни бор. Унинг спортчилари таркибидан 6 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, 46 нафари халқаро тоифадаги спорт устасидир.

XV ёзги Паралимпия ўйинлари Спорт клуби спортчилари учун анча омадли келди. Ушбу мусобақаларга йўлланма олган уч нафар дзюдочимиз – 100 килограммдан оғир вазн тоифасида капитан Адилжон Тулендибаев олтин, 90 килограмм вазнда шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Шуҳрат Бобоев ҳамда 73 килограмм вазнда Феруз Сайидов бронза медалларини қўлга киритди.

2014 йилда Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида бўлиб ўтган XVII ёзги Осиё ўйинларида мамлакатимиз терма жамоаси таркибига кирган Мудофаа вазирлиги Спорт клубининг 44 нафар спортчисига 10 та спорт тури бўйича иштирок этиб, 3 та олтин, 3 та кумуш ва 12 та бронза медали насиб этган эди.

Шу йилнинг август-сентябрь ойларида Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказиладиган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоасидан жой олган 47 нафар Спорт клуби аъзоси 11 спорт тури бўйича иштирок этади.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА
3 359