Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

21.09.2017 10:32 Чоп этиш версияси

Медаллар 57 тага етди

Туркманистонда Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида спортчиларимиз ғалабали одимларини давом эттирмоқда.

Белбоғли курашнинг классик йўналишида вазни 100 килограммдан ошиқ бўлган полвонлар ўртасида Шерзоджон Раҳимов чорак финалда туркманистонлик Мурат Жумаевни ярим финалда тожикистонлик Маҳмад Мировни мағлубиятга учратди. Мусобақанинг сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида мезбон курашчиси Аҳал Балларовни енгиб, олтин медални қўлга киритди.

Шунингдек, классик йўналишида Ҳусниддин Рўзиев туркманистонлик Хонгелди Аллаковни, Обидали Мавлонов туркманистонлик Овозгелди Бердиевни ўз вазн тоифаларида мағлуб этиб шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Ушбу йўналишда терма жамоамиз аъзоларидан Исломжон Қўлдошев, Элдор Неъматов, Шаҳзода Эргашева, Дилафруз Мамажонова кумуш медаль билан тақдирланди. Одилжон Суюнов, Ҳусан Носиров, Файзулло Умматов, Ҳавасхон Жўрақўзиева эса бронза медалга сазовор бўлди.

Кураш бўйича хотин-қизлар ўртсида ҳамюртимиз Раҳима Йўлдошева биринчи ўринни эгаллади.

Енгил атлетикачи Елена Смолянова ядрони 15.60 метрга улоқтириб, мусобақанинг кумуш медалига сазовор бўлди. Еттикураш баҳсларида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилган Марат Ҳайдаров бронза медаль соҳиби бўлди.

Таэквондо баҳсларида Ниёз Пўлатов, муайтайда эса Уббиниёз Тўраниёзов шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой олди. Оғир атлетика бўйича куч синашган Достон Ёқубов ва Муаттар Набиева терма жамоамиз ҳисобига навбатдаги кумуш медални қўшиб қўйди,

Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида ҳозирча Ўзбекистон терма жамоаси 7 олтин, 16 кумуш ва 34 бронза медаль жағариб умумжамоа ўртасида учинчи поғонада бормоқда.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 004






Все о погоде - Pogoda.uz