Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.09.2017 09:52 Чоп этиш версияси

Медаллар 106 тага етди

Туркманистонда Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинлари қизғин паллага кирди.

Самбо бўйича вазни 68 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида ҳамюртимиз Сарбон Эрназаров мўғулистонлик Тседен Ракханжав, туркманистонлик Муҳаммад Кўссеков, сўнгги ҳал қилувчи финал баҳсида Бекмурод Мередовни мағлубиятга учратди ва олтин медалга сазовор бўлди. 90 килограммгача вазн тоифасида маҳоратли полвонимиз Неъмат Ёқубовга тенг келадигани топилмади.

Самбо баҳсларида Раҳматжон Аҳмедов кумуш, Исломжон Азимов, Лутфилла Сайдаматов, Истам Қудратов, Нодира Гулова, Гулноза Зиёева ўз вазн тоифаларида бронза медалига сазовор бўлди.

Вазни 74 килограммгача бўлган эркин курашчимиз Бекзод Абдураҳмонов финал беллашувида эронлик Ҳусаин Чамазкоти Илёсни 12:6 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, 57 килограммгача вазн тоифасида Маҳмуджон Шавкатов қозоғистонлик Габит Толепбойни 6:2 ҳисобида енгди. Шу тариқа Бекзод ва Маҳмуджон терма жамоамиз ҳисобига навбатдаги олтин медалларни қўшиб қўйди.

Оғир атлетика баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Иван Ефремов даст кўтаришда 190 килограммлик, силтаб кўтаришда эса 221 килограммлик штангани бўйсиндирди ва якунда умумҳисобда 411 килограмм натижа кўрсатиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой эгаллади.

Шунингдек Фарҳод Собиров 391 килограмм, Омадой Отақўзиев 231 килограмм натижа билан кумуш медални кўлга киритди. Яна бир оғир атлетикачимиз Долера Давронова бронза медаль билан тақдирланди.

Белбоғли кураш бўйича финалга қадар барча рақиблари устидан зафар қучган Исломжон Қўлдошев, Илҳомжон Машрабов, Манзурой Мўйдинова, Гулхуморой Дадабоева, Дилафрўз Мамажонова классик йўналишда кумуш медаль соҳибига айланди. Файзулла Умматов, Абдуқаҳҳор Эгамов ўз вазн тоифасида учинчи ўринни эгаллади.

Теннис бўйича яккаликлар ўртасида Фаррух Дўстов, аралаш жуфтликда Санжар Файзиев ва Арина Фольц терма жамоамиз ҳисобига бронза медални қўшиб қўйди. 50 ва 100 метрга баттерфляй усулда сузган Артем Козлюк марра чизиғини учинчи бўлиб босиб ўтди.

Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси мусобақанинг ярим финалида Япония терма жамоасини мағлубиятга учратиб, финалда Эрон терма жамоасига қарши майдонга тушадиган бўлди.

Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларида терма жамоамиз аъзолари ҳозирча 21 олтин, 28 кумуш ва 57 бронза медални қўлга киритди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
3 091






Все о погоде - Pogoda.uz