ЎзА Ўзбек

10.07.2019 12:21 Чоп этиш версияси

“Локомотив”да нима гаплар?!

“Локомотив”да нима гаплар?!

Ўзбек футболида жорий йилнинг энг шов-шувли воқеаларидан бири сифатида таниқли мутахассис Самвел Бабаяннинг “Локомотив”га бош мураббий этиб тайинланганини айтиш мумкин.

Бабаяннинг илк ўйинида темирйўлчилар ўз майдонида “Сўғдиёна” клубини 2-0 ҳисобида мағлуб этишди. Шу тариқа Ўзбекистон суперлигасида 1-давра ўйинлари якунланиб, жамоалар қисқа таътилга чиқишди.

Бироқ, олдинда “Локо”ни Лига кубоги доирасида “Қўқон-1912” ва “Пахтакор”га қарши муҳим ўйинлар кутиб турарди. Қизиғи, мазкур ўйинларда Самвел Вячеславович асосий таркиб футболчиларига дам берди ва тўлиғича ёшларга таянди. Ҳаттоки мазкур учрашувларда асосий таркибнинг тўлақонли аъзоси бўлмаган ўйинчилар хизматидан ҳам фойдаланилмади. Натижа эса ўзингизга маълум: Қўқондаги йирик мағлубият ҳамда “Пахтакор” билан кечган принципиал ўйинда минимал ҳисобда имкониятнинг бой берилиши оқибатида “Локомотив” яна бир соврин учун курашиш имкониятини йўққа чиқарди.

Ўзи шундоқ ҳам темирйўлчилар ОЧЛ билан эрта хайрлашиб, Ўзбекистон суперлигасида принципиал рақиби “Пахтакор”дан сезиларли фарқ билан ортда қолишмоқда. Мамлакат кубоги баҳсларида эса жамоа қаёққача боради, номаълум.

Хуллас, Лига кубоги “Локо”га мавсумни
ҳеч бўлмаса қандайдир соврин билан якунлаш йўлидаги бир восита эди.
Аммо, улар шу имконни ҳам қўлдан чиқаришди.

Лига кубогида темирйўлчилар тўлиқ Ёшлар лигасидаги таркиб билан иштирок этишгани эса клуб атрофидаги гап-сўзларни янада кўпайтирди. Эмишки, Бабаян “Локомотив” таркибини тўлиқ янгилайди, ўз қарашлари ва принципига мос келмайдиган футболчиларга жавоб беради... Аммо, клуб матбуот хизмати бу миш-мишларни инкор қилди. Шунчаки “Локо”нинг етакчилари ўтган мавсумдан бери дам олмагани, яъни 2018 йилги суперлига баҳслари якунлангани ҳамоноқ миллий терма жамоа ихтиёрига йўл олишгани, кейин Осиё кубогидаги иштирок, буёғи эса янги мавсум тайёргарлиги ва расмий ўйинлар...

Хуллас, жамоанинг етакчи ўйинчилари кўпдан бери жисмоний толиққан ҳолда тўп тепишаётган эди. Буни ўз вақтида кўра билган Самвел Бабаян уларга дам беришга қарор қилди. Мақсад – мавсумнинг ҳал қилувчи қисмига тетик ва бардам ҳолда етиб келиш.

Аммо, “шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди”.
Давралар оралиғида “Локо”га бир қатор янги футболчилар келиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.

Дастлабки номзод – мамлакат миллий ва олимпия терма жамоалари аъзоси Остон Ўрунов. “Навбаҳор” етакчиси аллақачон наманганликлар билан хайрлашиб улгурди. Катта эҳтимол билан у темирйўлчилар либосини кияди. Қолаверса, Лига кубоги доирасида “Пахтакор” билан ўйиндан кейин ўтказилган матбуот анжуманида Бабаян “Локо”нинг ҳар бир чизиғига янги футболчилар кераклигини таъкидлади. Шундай экан, жамоада яна бошқа янги футболчилар ҳам пайдо бўлса ажабмас.

Ўз навбатида темирйўлчилар таркибини айрим ўйинчилар тарк этиши кутилмоқда. Баъзи маълумотларга кўра АГМК жамоаси “Локомотив”нинг бир гуруҳ футболчиларига қизиқмоқда. Бу табиий, зеро бир неча йилдан бери олмалиқликлар “Локо”га футболчи етиштириб берувчи асосий клубга айланганди. Эҳтимол энди темирйўлчиларнинг гали келгандир, қийин вазиятга тушиб қолган олмалиқликларни қўллаб-қувватлаш борасида.

Биз эса воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.

О.ЭШМАМАТОВ, ЎзА
2 653