ЎзА Ўзбек

10.06.2019 18:35 Чоп этиш версияси

Кураш кошонаси қачон қурилади?

Кураш кошонаси қачон қурилади?

Эзгу сўз 

Миллий истиқлол туфайли спорт соҳасида эришган энг оламшумул ғалабамиз, шубҳасиз, миллий курашимизнинг халқаро майдонга чиқиши ва спорт ҳамжамиятлари томонидан курашимизга юксак баҳо берилиши бўлди.

Теран илдизлари неча минг йиллар наридан озиқ олган курашимиз озодлик ҳавосидан нафас олиб гуркираб ривожланди. 1998 йилда Халқаро Кураш ассоциациясига асос солинди. Сўнгра бешта минтақада кураш конфедерациялари тузилди. Ҳозирги кунда дунёнинг 130 дан ортиқ давлатида кураш миллий федерациялари фаолият кўрсатмоқда. 2018 йили Индонезияда ўтган Осиё ўйинлари дастуридан кураш мусобақалари ҳам жой олди. Бунгача бошқа минтақаларнинг шундай спорт ўйинлари дастурига кураш мусобақалари киритилган эди. Ҳа, миллий курашимизнинг жаҳоннинг энг нуфузли спорт мусобақаси – Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олишига бир қадам қолди!

Биз – дунё бўйлаб шахдам қадам ташлаётган кураш ватанимиз. Бу бизга ғурур-ифтихор туйғуси бериш билан бирга, жуда катта масъулият ҳам юклайди. Чунки биз курашимизнинг жаҳон спорт ҳамжамиятлари ўртасида йил сайин обрўси ошиб боришига ҳамиша жавобгармиз. Шунингдек, курашга боғлиқ ҳар жабҳада бошқа давлатларнинг кураш миллий федерацияларига, курашчиларига ўрнак бўлишимиз шарт.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси 2030 йилги Осиё ўйинларини Тошкент ва Самарқандда ўтказиш учун Осиё Олимпия кенгашига ариза топширди. Яқинда ҳукумат қарори билан шу шаҳарларда Олимпия шаҳарчалари бунёд этиш режалаштирилди. Умидимиз шулки, ўша йилги Осиё ўйинларини ўтказиш бизга топширилади. Ҳозирдан ўша Осиё ўйинларида кураш мусобақаси қаерда ўтказилишини ўйлашимиз лозим.

Эсимда, 1999 йили кураш бўйича ўтказилган биринчи жаҳон чемпионати пойтахтимиздаги “Юнусобод” теннис клуби кортига спорт гилами тўшаб бошланганди. Иккинчи қисми “Жар” стадиони футбол майдонида тайёрланган жойга спорт гиламлари тўшаб, давом эттирилганди.

Маълумки, курашчилар беллашувга чиқишдан олдин танасини қиздириш учун машқ қилади, шериги билан кураш усулларини бажаради. Ўшанда кўпчилик беллашувларга тайёргарлик кўраётган курашчиларнинг мармар йўлакда, асфальт устида кураш усулларини бажараётганини кўриб, жароҳат олишидан хавотирга тушганди. Албатта, кураш бўйича биринчи жаҳон чемпионати ўтказилаётгани учун бундай ҳолат кечирарли эди.

Англия – футбол ватани. Бу мамлакатдаги футбол стадионларини кўрсангиз, кўзингиз яшнайди. Канада – хоккей ватани. Шу давлатдаги хоккей саройлари ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Ўзбекистон – кураш ватани! Шундай экан, юртимизда кўрган кўзлар яшнайдиган, барча ҳавас қиладиган Кураш кошонаси бўлиши керак, деб ҳисоблаймиз. 

Ишончимиз комил, пойтахтимизда кўзларни қувнатадиган, ҳаммада ҳавас уйғотадиган Кураш кошонаси барпо этилади! Ўшанда нуфузли меҳмонни ҳам кошона сари бошлаб борамиз ва ғурур билан айтамиз: Ўзбекистон – кураш ватани! Мана бизнинг Кураш кошонамиз! Меҳмонни кошона ичидаги Кураш музейи сари бошлаймиз. Ҳайкал ёки суратни кўрсатиб, деймиз: Мана афсонавий курашчимиз Алпомиш! У рақиби билан беллашиб вақт ўтказмаган, белидан ушлаб бир силтаб осмонга отган. Мана номи тилларда достон бўлган Барчиной момомиз. У ўзини менсимаган алпни бир силтаб курагини ерга тегизган ва довдираб қолган бошқа алпларга қарата тўртта шарт қўйиб, ҳалол курашга чорлаган. Мана, машҳур курашчимиз Паҳлавон Маҳмуд! Унинг полвонларга хос фазилатлари барчага ибрат. Мана булар - беллашувга тайёргарлик кўрадиган заллар.

Ўшанда 200 давлатдан курашчи келмайдими, барига етади. Ҳайратланиб турган меҳмонни ичкарига таклиф қиламиз. Мана мардлар майдони! Бу қутлуғ жойда ўзбекча “ҲАЛОЛ” сўзи мағрур жаранглайди! Ташқарига чиққан меҳмонга яна бир муҳташам бинони кўрсатамиз: мана бу Ўзбекистоннинг янги Алпомиш, Барчиной, Паҳлавон Маҳмудларини вояга етказадиган Курашга ихтисослашган болалар ва ўсмирлар спорт мактаби!..

Ҳа, шундай кун келади! Ахир, Ўзбекистон – кураш ватани! Юртимиз курашга тааллуқли барча соҳаларда жумлаи жаҳонга ўрнак бўлади! Курашимиз эса жаҳоннинг энг нуфузли спорт мусобақаси – Олимпия ўйинлари дастуридан ўзининг ҳақли ўрнини эгаллайди!

Асрор МЎМИН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

ЎзА
2 773