ЎзА Ўзбек

16.03.2019 11:16 Чоп этиш версияси

Кумушхон Файзуллаева – жаҳон чемпионатининг энг яхши спортчиси

Кумушхон Файзуллаева – жаҳон чемпионатининг энг яхши спортчиси

Хабар берганимиздек, 8-15 март кунлари АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида оғир атлетика бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилди. Қарийб бир ҳафта давомида юртдошларимизни ҳаяжонда ушлаб турган мусобақалар кеча ўз поёнига етди.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизматининг хабар қилишича, жаҳон чемпионатининг ёпилиш маросимида мусобақанинг энг яхши қиз ва ўсмир иштирокчилари ҳам тақдирланган.

Биз учун қувонарлиси, қизлар ўртасида вазни 64 кг.гача бўлган атлетлар ўртасида иккита жаҳон рекордини янгилаган ҳамда учта олтин медалга сазовор бўлган юртдошимиз Кумушхон Файзуллаева жаҳон чемпионатининг “Энг яхши спортчиси”, деб топилди. Ҳамюртимизга махсус совринни Халқаро оғир атлетика федерацияси президенти Тамаш Аян топширди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШдаги жаҳон чемпионати баҳсларида Ўзбекистон шарафини 7 нафар спортчимиз ҳимоя қилди ва қувонарлиси, уларнинг олти нафари якунда совриндорлар сафидан жой олди.

Отабек Эшмаматов, ЎзА
3 498