ЎзА Ўзбек

08.04.2018 13:24 Чоп этиш версияси

Ижтимоий тармоқлардаги фаол футболчилар рейтинги

Ижтимоий тармоқлардаги фаол футболчилар рейтинги Бугун исталган инсонни бирор ижтимоий тармоқдан топа оласиз. Машҳур санъаткор, спортчи, дипломат...

Интернетда бир маълумотни ўқиб қолдим. Унга кўра, футболчи Криштиану Роналдунинг Инстаграм тармоғига қўйган битта эълони унга 350 минг доллар фойда келтирар экан.

Ўзини текинга “реклама” қилиш кимга ёқмайди. Айниқса у даромад келтириб турса!

Қуйида ана шундай медиамаконлардан бири – Инстаграмда энг кўп обуначиларга эга бўлган 10 нафар футболчининг рўйҳати билан таништирамиз.

1 – Криштиану Роналду, РЕАЛ МАДРИД (@cristiano, 122 миллион обуначи)

I-1.png

Уни бугунги кунда танимаган одам жуда кам топилса керак. Роналдунинг Фейсбук, Инстаграм ва Твиттер саҳифаларидаги жами обуначилари сони 313 миллионни ташкил этаркан. Бу спортчилар орасида мутлақ рекорд кўрсаткич саналади. Асосан “Nike” компанияси маҳсулотларини реклама қилади.

2 – Неймар, ПСЖ (@neymarjr, 91.1 млн)

I-2.png

Бразилия термаси аъзосининг ПСЖга ўтгандан сўнг Инстаграмдаги мухлислари сони 31 миллионга кўпайиши унинг собиқ жамоадоши – Мессидан ўзиб кетишига замин яратди. Бироқ Роналдуга етиб олишига озгина бор.

3 – Лионел Месси, БАРСЕЛОНА (@leomessi, 89 млн)

I-3.png

Бундан бир неча ҳафта олдин учинчи марта ота бўлган “ўзга сайёралик” худди ҳаётидаги каби бу тармоқда ҳам камтар. У асосан, оилавий суратлари ва жамоа машғулотларидаги фотолари билан мухлисларини хушнуд этиб туради. Месси “Adidas” брендини оммалаштиришни маъқул кўради.

4 – Давид Бекхам, ФАОЛИЯТИНИ ЯКУНЛАГАН (@davidbeckham, 43.3 млн)

Гарчи бугунги кунда мода ва кино саноатига шўнғиб кетган бўлсада, севимли машғулоти – футболдан йироқлашганича йўқ. У Америкада ўз клубини ташкил қилган ва бир неча мавсумлардан сўнг жамоаси Колумб кашф этган ўлка лигасида иштирок этиши кўзда тутилган. Бекхамга ҳам “Adidas” мўмайгина пул тўласа керак.

5 – Ҳамес Родригес, БАВАРИЯ (@jamesrodriguez10, 35.4 млн)

Кўркам кўринишга эга бўлган колумбиялик футболчи инстаграмда тез-тез қизалоғи билан оммага намоён бўлиб туради.

6 – Гарат Бейл, РЕАЛ МАДРИД (@garethbale11, 33 млн)

Кўпинча жароҳатлар гирдобида юрадиган бу футболчининг саҳифасида Реалнинг тиббий муолажа хонаси расмларини учратиб қолсангиз ҳеч ҳам ажабланманг. Бундан ташқари, Бейлнинг иштаҳаси ҳам анча яхши. У тез-тез ўзи тановул қилаётган тансиқ таомларнинг суратларини оммага улашиб туришни хуш кўради.

7 – Златан Ибрагимович, ЛОС АНЖЕЛС ГЕЛЕКСИ (@iamzlatanibrahimovic, 30.8 млн)

Ўзига жуда юксак баҳо берувчи Златан асосан ўз юртини “VOLVO” автомобилларининг суратларини намойиш қилиб туради. Яна Ибранинг шахсий парфюмерия савдо компанияси ҳам фаолият юритмоқда. Буни саҳифасидаги расмлардан ҳам билиб олиш қийин эмас.

8 – Роналдиньо, ФАОЛИЯТИНИ ЯКУНЛАГАН (@ronaldinho, 30.7 млн)

Футбол оламининг тирик афсоналаридан бири оҳирги пайтларда турли хил тадбирларда қатнашиб, унинг расмларини тармоққа жойлаб бормоқда. Улар орасида ҳайрия тадбирлари ҳам бисёр.

9 – Луис Суарес, БАРСЕЛОНА (@luissuarez9, 26.9 млн)

Лео билан тушган расмлари Суаресга кўплаб лайкларни ҳадя этса, оилавий суратлар унинг яхши ота ва вафоли ёр эканлигидан далолат беради. Бундан ташқари, Суарис ўз саҳифаларига видеоларини ҳам жойлаб туради.

10 – Марселло, РЕАЛ МАДРИД (@marcelotwelve, 23.3 млн)

Марселлонинг Бразилияда гулли либосда тушган расми уни ҳаётда жудаям қувноқ ва хушчақчақ инсон эканидан далолат беради. Термадаги дўстлари билан тушган суратлардан эса билиш мумкинки, умумий жамоадаги муҳит жуда ҳам ижобий.

Шоҳрух Нўъмонов тайёрлади.

ЎзА
23 523