Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.09.2017 20:17 Чоп этиш версияси

Қиличбозликни оммалаштириш йўлида

Мамлакатимизда спортнинг кўплаб турлари қатори Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган қиличбозлик ҳам жадал ривожланмоқда.

Президентимизнинг 2017 йил 9 мартдаги Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳрида (Япония) бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлашга оид қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, юртимизда қиличбозликнинг барча йўналишларини ёшлар ўртасида кенг оммалаштириш, спортчиларнинг машғулотини самарали ташкил этиш, уларнинг республика ва халқаро мусобақаларга пухта тайёрланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Федерациядан маълум қилинишича, Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси билан ҳамкорликда жорий йил сентябрь ойидан Тошкент шаҳридаги “Умид” спорт мажмуасининг спорт залида қиличбозликнинг шпага йўналиши ўз фаолиятини бошлаган. Мазкур йўналиш бўйича саккиз мураббий юздан зиёд спортчи билан машғулот олиб боради. Залда машғулотларни юқори савияда ташкил этиш учун барча шароит яратилган. Замонавий қиличбозлик йўлакчалари, электрофиксатор, халқаро талабларга жавоб берадиган спорт жиҳозлари билан таъминланган. Мураббийлар хонаси, ювиниш, кийим алмаштириш хоналарида ҳам барча қулайликлар яратилган.

Шунингдек, Нукус шаҳрида қиличбозликка ихтисослашган “Айдинжол” номли янги, замонавий спорт мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилди.

Федерациянинг Хоразм вилояти бўлимига Олимпия захиралари коллежининг махсус спорт зали ажратилгани қиличбозликка қизиқувчи ёшлар учун катта совға бўлди. Зал замонавий талаблар асосида тўртта қиличбозлик йўлакчалари, спорт жиҳозлари билан таъминланди. Ювиниш, кийим алмаштириш хоналари ҳам ёшлар ихтиёрида.

Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси томонидан мазкур спорт тури билан шуғулланувчи ёшлар учун яратилаётган бундай имкониятлар келгусида ўз натижасини кўрсатиб, спортчиларимиз қитъа ва жаҳон чемпионатларида, Олимпия ўйинларида юқори натижаларга эришишига хизмат қилади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
2 201






Все о погоде - Pogoda.uz