ЎзА Ўзбек

11.06.2019 17:27 Чоп этиш версияси

Қиличбозлик: очиқ турнирда ўғил болалар орасида қозоқлар, қизлар ўртасида ҳамюртларимиз тенгсиз...ми?

Қиличбозлик: очиқ турнирда ўғил болалар орасида қозоқлар, қизлар ўртасида ҳамюртларимиз тенгсиз...ми?

Тошкентдаги “Пахтакор” стадиони ҳудудида жойлашган қиличбозлик мажмуасида 2005 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги спортчилар ўртасида “Олимпия умидлари” республика очиқ турнири бошланди.
Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси ҳамкорлигида оммавий спорт ва жисмоний тарбия тадбирларининг 2019 йил учун республика календарь режасига мувофиқ ташкил этилган мазкур мусобақадан кўзланган мақсад қиличбозлик бўйича Ўзбекистон терма жамоасига муносиб номзодларни саралаб олиш ва иқтидорли спортчиларни аниқлашдан иборат.
Мусобақада Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан келган 250 нафардан зиёд спортчи қиличбозликнинг шамшир, рапира ва қилич йўналишида яккалик баҳсларида ўзаро куч синашади.
– Сўнгги йилларда мамлакатимизда қиличбозлик спортини янада оммалаштириш, спортчиларнинг машғулот ўташлари ҳамда мусобақа ва халқаро турнирларга пухта тайёргарлик кўришлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда, – дейди Ўзбекистон қиличбозлик федерацияси бош ҳаками Аида Ҳасанова. – Бу каби анъанавий турнирларнинг ташкил этилиши ҳам айнан ёш иқтидорли қиличбозларнинг маҳоратини намоён этиши учун қулай имконият яратади.
Мусобақанинг дастлабки кунида 82 нафар спортчи шамшир йўналишида ўзаро куч синашди. Ўғил болалар ўртасида бўлиб ўтган баҳсларда қозоғистонлик Богдан Лукин ва Георгий Тинников олтин ҳамда кумуш медалга сазовор бўлди. Шоҳсупанинг учинчи поғонасидан эса ҳамюртларимиз Ҳумоюн Усмонов ва Сарвар Исломов ўрин эгаллади.
Қизлар ўртасида эса бухоролик Азиза Ҳамидова барча рақибларини енгиб, олтин медаль соҳибасига айланган бўлса, тошкентлик Рисолат Юсупова кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, Қорақалпоғистондан келган Дильназ Мурзатаева ҳамда пойтахтлик Алия Альбекова бронза медали билан тақдирланди.
Мусобақа давом этмоқда. Энди қиличбозлар рапира ва қилич йўналишида ўз омадларини синаб кўради.

Ж.ТОШХЎЖАЕВ, ЎзА
5 171