ЎзА Ўзбек

10.06.2019 20:22 Чоп этиш версияси

Гонконг телевидениеси кураш ҳақида фильм тасвирга олмоқда

Гонконг телевидениеси кураш ҳақида фильм тасвирга олмоқда


Шу кунларда Гонконг телевидениесининг бир гуруҳ ижодий ходимлари хизмат сафари билан юртимизда меҳмон бўлиб туришибди. Сафардан кўзланган асосий мақсад – миллий ифтихоримизга айланган ўзбек кураши ҳақида “The legend of martial arts – Kurash” (Кураш – ҳарбий санъатларнинг афсонаси) деб номланган ҳужжатли фильм яратиш. Ўзбекистон кураш федерацияси бу йўлда гонконглик телеижодкорларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда.

Ўтган ҳафтада Тошкентга етиб келган Гонконг телевидениесининг ижодий ходимлари даставвал миллий терма жамоамиз машғулотларини тасвирга олди. Шунингдек, меҳмонлар Халқаро кураш ассоциациясининг асосчи раиси, Ўзбекистон кураш федерацияси раисининг биринчи ўринбосари, замонавий кураш қоидаларини яратган Комил Юсуповдан интервью олди.

Айни пайтда Гонконг телевидениеси ходимлари Бухоро шаҳрида бўлиб ўтаётган кураш бўйича Президент соврини учун ҳазрат Баҳовуддин Нақшбанд хотирасига бағишланган илк халқаро турнирни тасвирга олмоқда.

Рив Танг (Гонконг): Мақсадимиз – кураш фалсафаси, ундаги умуминсоний қадриятларни тараннум қилувчи ҳужжатли фильм яратиш. Кураш ҳақида айрим маълумотларга эгамиз, негаки уни Гонконгда ҳам яхши билади, сабаби ушбу спорт тури ватанимизда дзюдо, самбо каби яккакураш турлари билан биргаликда ривожланиб бормоқда. Ўзбекистонга келишдан мақсадимиз – кураш ватанига келиб унинг бой тарихи, қадриятлари, фалсафасини яқиндан ўрганиш. Ўзбекистон кураш федерациясида бўлиб, Комил Юсупов билан жуда мазмунли суҳбат уюштирдик. Бухородаги тасвирга олиш ишларимиз ҳам самарали бўлмоқда. Айниқса, Қоракўл туманида фахрий курашчи Нурмуҳаммад Юсуповнинг 74 ёшида 30 марта турникка тортилиши бизни ҳайратга солди. Шу ёшида бундай жисмоний тайёргарликка эга бўлиш учун киши мунтазам ўз устида ишлаши, соғлиги ҳақида қайғуриши талаб қилинади. Шунингдек, курашнинг Ватани бўлган Бухорода кураш мутахассислари ва курашчилар билан интервьюлар уюштираяпмиз. Бу бизга ўз мақсадимизга эришишда қўл келади.

Гонконг телевидениеси ходимлари бугун Бухоро рамзига айланган Арк мажмуасида ҳам тасвирга олиш ишларини давом эттиришди.

photo5472400754946976483.jpg

photo5472105394340998009.jpg

photo5472400754946976485.jpg

photo5472105394340998011.jpg


О.ЭШМАМАТОВ, ЎзА
4 997