Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.08.2018 10:23 Чоп этиш версияси

ФУТБОЛ: Эктор Купер – Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлишга рози бўлди, у Тошкентга келяпти

ФУТБОЛ: Эктор Купер – Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи бўлишга рози бўлди, у Тошкентга келяпти

Ниҳоят, ярим йилдан кўпроқ вақт давомида ўзбек футболининг бош мавзусига айланган ва турли шов-шувларга сабаб бўлган футбол бўйича миллий терма жамоа бош мураббийи масаласи ҳал бўлди. Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва аргентиналик мутахассис Эктор Купер ўртасида ўзаро келишувга эришилди. Аргентиналик мутахассис айнан шартнома бандлари билан танишиш ва имзо чекиш мақсадида 6 август куни Тошкентга етиб келади.

62 ёшли мутахассиснинг футболчилик фаолиятидан кўра, мураббийликдаги ютуқлари кўп. Ўз мамлакатининг тўрт клубида тўп сурган, икки мавсум мамлакат миллий терма жамоаси либосида беш бора майдонга тушган, холос. Мураббийлик фаолияти давомида эса олти мамлакат клубларида, хусусан, Италия ва Испания чемпионатларида ишлаган, эришилган натижаларига кўра яхшигина обрў қозонган. 2000-2001 йилларда кетма-кет икки марта “Валенсия”ни УЕФА Чемпионлар лигасининг финалига олиб чиққан, бироқ “Барселона” ва “Бавария”нинг жиддий қаршилигига дуч келган.

Купер терма жамоалардаги фаолиятини 2008 йилда Греция термасидан бошлаган. Миср терма жамоасини 2018 йилги Жаҳон чемпионатига олиб чиқиш орқали яна катта футбол саҳнасига қайтди. Мисрдаги уч йиллик фаолияти давомида аргентиналик мутахассис 38 та ўйин ўтказган – 19 тасида ғалаба, 7 тасида дуранг ва 12 тасида мағлубият қайд этилган.

Хабарингиз бор, Миср терма жамоаси Россияда ўтган Жаҳон чемпионатида Уругвай, Россия ва Саудия Арабистони билан бир гуруҳда кураш олиб бориб, якунда сўнгги ўринни эгаллаганди.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси вакиллари билан олиб борилган музокаралар бугун ижобий ечимини топди. Тез кунларда аргентиналик мутахассис Тошкентга етиб келади ва шартномага қўл қўяди. Унинг биринчи галдаги вазифаси миллий терма жамоамизнинг яна беш ойдан кейин БАА майдонларида бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига муносиб тайёрлашдан иборат бўлади. Футболчиларимиз ушбу мусобақада ўз гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон термаларига қарши баҳс юритади. 

Тўлиқ исми-шарифи: Эктор Рауль Купер 1955 йилнинг 16 ноябрида Аргентинанинг Санта-Фе провинциясида туғилган.

Футболчилик фаолияти: 
Клубларда
“Феррокариль Оэсте” клуби. 5 та ўйин (0 та гол). 1976-1977 й.
“Индепендьенте Ривадавия” 6 (2). 1977-1978 й. 
“Феррокариль Оэсте” 424 (24). 1978-1988 й.
“Уракан” 132 (8). 1988-1992 й.

Миллий термада:
Аргентина 5 (0). 1984-1986.

Мураббийлик фаолияти:
“Уракан” – Аргентина чемпионатининг кумуш медали соҳиби (1994)
“Ланус” – КОНМЕБОЛ Кубоги соҳиби (1996)
“Мальорка” – Испания Кубоги финалчиси (1997/1998), Испания Суперкубоги соҳиби (1998), УЕФА Кубок эгалари Кубоги финалчиси (1998/1999).
“Валенсия” – Испания Суперкубоги ғолиби (1999), УЕФА Чемпионлар лигаси финалчиси (2000, 2001).
“Интер” – Италия чемпионати кумуш медали соҳиби (2002/2003).
“Арис” – Греция Кубоги финалчиси (2010).
Миср терма жамоаси билан Африка Миллатлар Кубоги финалчиси (2017), Жаҳон чемпионати иштирокчиси (2018).

Шахсий ютуқлари: 
Испаниянинг “Йил мураббийи” (1999),
УЕФАнинг “Йил мураббийи” (2000).

ЎзА
4 599