Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

14.06.2018 12:17 Чоп этиш версияси

Футбол бўйича жаҳон чемпионати рақамларда

Футбол бўйича жаҳон чемпионати рақамларда
Жаҳон биринчилиги Халқаро футбол федерацияси (Federation Internationale de Football Association) – ФИФА шафелигида 4 йилда бир марта ўтказилади. Ҳозирга қадар мухлислар 20 чемпионатнинг гувоҳи бўлди. 14 июнь-15 июль кунлари Россияда 15-биринчилик бошланади.

Чемпионлик кубогини қўлга киритиш бўйича рекорд Бразилияга тегишли бўлиб, бу мамлакат футболчилари беш марта шоҳсупага чиққан (1958, 1962, 1970, 1994, 2002). Шу билан бирга Бразилия барча жаҳон чемпионатларининг финал босқичларида қатнашган ягона мамлакат саналади.

Жаҳон чемпионлари икки мартагина ўз мақомини ҳимоя қилиб, кетма-кетма шоҳсупага кўтарилган. Булар Италия (1934, 1938) ва Бразилиядир (1958, 1962). Ҳеч бир терма жамоа уч бор кетма-кет чемпионликни қўлга кирита олмаган.

1942 ва 1946 йилларда беллашувлар ўтказилмагани туфайли Италия 16 йил давомида (1934-1950) чемпион бўлиб келган.

Финалга чиқиб мағлуб бўлганлар орасида Германия биринчи ўринда туради (4 марта).

Жаҳон чемпионатларида Германия энг кўп (106), Индонезия энг кам (1) учрашувларда қатнашган.
Энг кўп ғалабани Бразилия қўлга киритган (70), Мексика эса энг кўп мағлубиятга учраган (24).

Бир турнир давомида энг кўп гол урган терма жамоа Венгрияга тегишли. Унинг ўйинчилари 1954 йилги чемпионатда 27 гол урган.
2006 йилги чемпионатда Швейцария бирорта ҳам гол ўтказмай, рекорд қўйди. Умуман олганда эса, дарвозани узоқ вақт “қуруқ” сақлаш бўйича Италия терма жамоасининг дарвозабони Вальтер Дзенгага тенг келадиган йўқ. 1990 йилги турнирда у 517 дақиқа давомида дарвозани “озода” сақлай олишга муваффақ бўлган.

Бир турнир давомида энг кўп гол ўтказган жамоа Жанубий Кореяникидир. Бу жамоа 1954 йилги баҳсларда икки ўйиндаёқ 16 марта ўз дарвозасидан тўп олиб чиққан.

Чемпионат қатнашчилари орасида энг кўп совриндор бўлган футболчи, алббатта, машҳур Пеледир. У уч марта чемпион бўлган (1958, 1962, 1970).

Мексикалик Антонио Карбахаль и германиялик Лотар Маттеус — бир йўла беш чнемпионатда қатнашган. Жорий йилда мексикалик Рафаэль Маркес улар сафидан жой олиши мумкин — Россиядаги чемпионатга унинг “объективкаси” жўнатилибди.

Чемпионатда қатнашган энг ёш футболчи Шимолий Ирландия вакили Норман Уайтсайддир. 1982 йили Испанияда бўлган чемпионатда майдонга тушганида у 17 яшар ва 41 кунлик “бола” эди. Энг ёши улуғ ўйинчи, шубҳасиз, камерунлик Роже Милладир. 1994 йили у 42 ёшида (яна 39 кун) Россияга қарши баҳсда майдонга тушган. Шу ўйиннинг ўзида энг ёши улуғ гол муаллифи ҳам бўлган. Гол муаллифлари орасида энг ёши эса Пеледир. У 1958 йили 17 ёшу 239 кунлик чоғида Уэльс дарвозасига тўп киритган.

Жаҳон чемпионати финал босқичларининг энг яхши тўпурари германиялик ҳужумчи Мирослав Клозе бўлиб, 2002-2014 йиллар давомида 16 голга муаллифлик қилган. Алоҳида олинган турнирда тўпурарлик рекорди эса франциялик Жюст Фонтенга тегишли. У 1958 йилги баҳсларда 13 гол муаллифи бўлган.

Россиялик ҳужумчи Олег Саленко бир ўйинда бешта гол уриб қўйган рекордни ҳали ҳеч ким янгилай олгани йўқ. 1994 йилда у камерунликларни қаттиқ қақшатган эди. Англиялик Жеффри Ҳёрст эса финалда хет-трикка эришган яккаю ягона футболчи бўлиб қолмоқда (1966).

Энг тез гол урган ўйинчи туркиялик Ҳоқон Шукурдир. У 2002 йили 3-ўрин учун баҳсда Жанубий Корея дарвозасига тўп киритганда ўйин бошланганига 11 сония бўлган эди, холос.

Бир ўйинда энг кўп гол уриш борасида венгрияликларга ҳозирча ҳеч ким тенглаша олгани йўқ. 1982 Венгрия Сальвадорни 10:1 ҳисоби билан мағлубиятга учратган эди. Энг “серҳосил” ўйин эса 1954 йили Австрия билан Швейцария ўртасида бўлиб ўтган, унда 7:5 ҳисоби қайд этилган.

Дарвозабонлар орасида ўйинларни кетма-кет “ноль” билан якунлаш бўйича англиялик Питер Шилтон ва франциялик Фабьен Бартез рекорд ўрнатган (10 марта). Мексика ва Саудия Арабистони дарвоза посбонлари Антонио Карбахаль ва Муҳаммад ад-Диайя ҳаммадан кўп кўп гол ўтказган (25).

Ўз жамоасини икки бор чемпион қилган яккаю ягона мураббий италиялик Витторио Поццодир (1934, 1938). Германия жамоаси мураббийси Ҳельмут Шён тренер сифатида энг кўп ўйин ўтказган. У жамоани 25 марта майдонга олиб чиққан.

Бразилиялик Марио Загалло турли мақомда – икки марта ўйинчи, бир марта мураббий ва бир марта мураббий ёрдамчиси сифатида тўрт карра жаҳон чемпиони бўлган. Германиялик Франц Беккенбауэр ҳам ўйинчи ва мураббий сифатида икки марта чемпион бўлган.

“Ҳосилдорлик”ка келадиган бўлсак, голга энг бой чемпионат 1954 йили Швейцарияда ўтган. Ўшанда бир ўйинда ўртача 5,38 гол урилган. 1990 йили Италияда бўлган чемпионатда “қурғоқчилик” кузатилган – бир ўйинга ўрта ҳисобда атиги 2,21 гол тўғри келган.

Мухлислар сони бўйича 1994 йили АҚШда ўтган чемпионат биринчи ўринда туради. Ўшанда бир ўйинга ўртача 68 минг 991 томошабин кирган. Алоҳида учрашувдаги мухлислар сони бўйича эса Рио-де-Жанейродаги “Маракана”га тенг келадиган йўқ. 1950 йили бу ерда Бразилия билан Уругвай ўртасидаги ҳал қилувчи беллашувни қарийб 200 минг одам томоша қилган.

Музайяна Машрабхон
4 326