ЎзА Ўзбек

02.07.2018 13:07 Чоп этиш версияси

ФИФА билан илиқ муносабат ўрнатилди, энди навбат ХОҚга

ФИФА билан илиқ муносабат ўрнатилди, энди навбат ХОҚга
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси Президенти, мамлакат футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов футбол ташкилоти бошқарувига келгач, ишни “жаҳон футбол оиласи” билан яқиндан танишишдан бошлаган эди.
Бу борада У.Аҳмаджонов ФИФА Президенти Жанни Инфантинонинг таклифига кўра Цюрихга ташриф буюриб, FIFA структураси билан яқиндан танишган ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган эди. Бунинг самараси ўлароқ Ўзбекистон терма жамоаси кучли рақиблар билан ўртоқлик учрашувлари ташкил эта олди. Жумладан, бевосита Инфантинонинг ёрдами билан жаҳон чемпионати иштирокчилари Сенегал, Марокаш ва Уругвай термаларига қарши ўртоқлик учрашувлари ўтказди.
Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, Умид Аҳмаджонов энди ХОҚ раҳбари Томас Бахнинг таклифига кўра Швейцарияга – Халқаро Олимпия қўмитаси (ХОҚ)га йўл олмоқда. ХОҚ қароргоҳи жойлашган Лозаннада Умид Аҳмаджонов Томас Бах билан учрашув ўтказади, бутун дунё олимпия оиласи ва олимпия ҳаракати билан яқиндан танишади. Буэнос-Айрес ва Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик хусусида фикр алмашади. Қолаверса, дунё спортида юз бераётган янгиликлардан бохабар бўлади ва албатта, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида ўзига хос кўприк ўрнатади.
Албатта, бу ҳамкорлик яқин вақт ичида ўз самарасини бериши аниқ. Ўзбекистон нуфузли халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор. Швейцарияга амалга оширилаётган ташриф ҳар томонлама унумли ва самарали бўлиши кутилмоқда.

Ойбек Юнусов, ЎзА
6 876