Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

16.10.2017 14:27 Чоп этиш версияси

Даволаниш учун хорижга бориш шарт эмас

Самарқанд вилоятидаги тиббиёт муассасаларида даволанаётган беморлар хориждан келган юқори малакали мутахассислар иштирокида тиббий кўрикдан ўтказилиб, мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажарилди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ташаббуси билан пойтахтимизда ўтказилган “Тошкент тиббиёт ҳафталиги” дастури иштирокчилари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалида бўлди.

Хорижлик мутахассислар 15 га яқин беморни тиббий кўрикдан ўтказиб, тўрт нафар беморда эндоскопик ва лапароскопик жарроҳлик амалиётини амалга оширди. Шунингдек, ёш мутахассислар учун семинар тренинг ва маҳорат сабоқлари ўтказилди.

– Ўзбекистонда тиббий муассасалар фаолияти ва беморларни даволаш жараёни билан танишар эканмиз, соҳа ходимлари салоҳияти ва малакасини оширишга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлашни истардик, – дейди Истамбул университетининг тиббиёт клиникаси профессори Орхан Тарчин. – Бу борада чет мамлакатлардаги нуфузли тиббиёт марказлари билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган экан. Биз ҳам Швейцария, Германия, Туркия ва Озарбайжоннинг етакчи клиникалари мутахассислари билан бирга Тошкент ва Самарқанд шаҳридаги тиббиёт муассасаларида жарроҳлик амалиёти ва тиббий кўрикларда қатнашдик.

Вилоят кўз касалликлари шифохонасида Россиянинг академик С.Фёдоров номидаги Кўз микрожарроҳлиги кўп тармоқли илмий-техник мажмуаси Новосибирск филиали офтальмолог-жарроҳи, тиббиёт фанлари доктори Игорь Плисов иштирокида тиббий кўрик ташкил этилди.

Таниқли жарроҳ 30 дан ортиқ мураккаб кўз касалликлари, жумладан, ғилайлик, яқин ва узоқни кўролмаслик каби хасталикларга чалинган болаларни тиббий кўрикдан ўтказиб, тавсиялар берди.

– Кейинги пайтда турли кўз касалликлари, жумладан, ғилайлик билан туғилиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда, – дейди вилоят кўз касалликлари шифохонаси бош шифокори Саида Мирраҳимова. – Биз ҳам вилоятимизда шундай бемор болаларни аниқлаб, россиялик тажрибали шифокорни таклиф этган ҳолда ушбу кўрикни уюштирдик.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида эса Москва онкология институти доценти Леонид Петров бир неча беморни даволаш жараёнида иштирок этиб, маҳаллий мутахассислар билан тажриба алмашди.

– Ўзбекистонлик шифокорлар билан бир неча йилдан буён ҳамкорлик қиламиз, – дейди Л.Петров. – Бу галги ташрифим давомида Самарқанд шаҳри ва Жомбой туманидаги тиббиёт марказларида мураккаб операцияларни замонавий усулларда биргаликда ўтказдик.

Кичик тос соҳасидаги ўсмаларни аниқлаш ва уларни жарроҳлик йўли билан олиб ташлаш борасида етук мутахассис бўлган Леонид Петров 20 га яқин беморни тиббий кўрикдан ўтказди.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 283






Все о погоде - Pogoda.uz