Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.02.2017 14:21 Чоп этиш версияси

"Бунёдкор" Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўл олди

Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига чиқди.

Қитъамиз футбол клубларининг нуфузли мусобақасида иштирок этишнинг ўзи катта муваффақият. Шу боис, ҳар бир босқич учрашувлари муросасиз ўтади. Буни Осиё чемпионлар лигасининг плей-офф босқичи баҳслари ҳам кўрсатди.

Мазкур босқичда "Бунёдкор" жамоаси Қатарда "Ал-Жаиш" меҳмони бўлди. Гуруҳ босқичига чиқиш истаги кучли бўлгани учун ҳар икки жамоа эҳтиёткорлик билан ўйнади. Йўл қўйилган ҳар бир хато жамоаларга қимматга тушиши мумкин эди. Жамоалар асосан ҳимоявий ўйин намойиш этди. Ўйиннинг асосий ва қўшимча таймларида ҳисоб очилмагач, ғолиб жамоа пенальтилар сериясида аниқланди. Унда "Бунёдкор" жамоаси 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, Осиё чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичига йўл олди.

Энди "Бунёдкор" жамоаси "С" гуруҳида Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли", Эроннинг "Зоб Аҳан" ва Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Айн" клублари билан рақобатлашади. Гуруҳ босқичининг биринчи тур учрашувлари 21 февраль куни ўтказилади. Илк турда "Бунёдкор" сафарда "Ал-Аҳли" меҳмони бўлади. Афсуски, яна бир жамоамиз – Қаршининг "Насаф" клуби Осиё чемпионлар лигасидаги иштирокини плей-офф босқичида тўхтатишга мажбур бўлди. Саудия Арабистонида "Ал-Фатҳ" жамоаси билан баҳслашган "Насаф" кичик (0:1) ҳисобда имкониятни бой берди ва гуруҳ босқичига чиқа олмади.

Байрам Айтмуродов, ЎзА
2 022






Все о погоде - Pogoda.uz