ЎзА Ўзбек

19.09.2018 12:57 Чоп этиш версияси

БОЛАЛАР ФУТБОЛИ: финалда водий дербиси – Андижон ва Наманган

БОЛАЛАР ФУТБОЛИ: финалда водий дербиси – Андижон ва Наманган

Мавсум давомида ўтказилган “Олтин водий” лойиҳаси ўз мевасини берди.

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг сунъий майдони, тўртинчи кундирки ёш футболчилар, мураббий ва мутахассислар билан гавжум. Бу ерда 5 та ёш тоифасидаги Республика мусобақаси ўтказилмоқда. 14та жамоа иштирок этиши режалаштирилган турнирда биргина Сурхондарё вакиллари сабабсиз пойтахтга етиб келишмади, қолган жамоалар тўрт гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақада иштирок этишди.

Гуруҳларни қуйидаги жамоалар ташкил этди:

А” гуруҳи - Тошкент вилояти, Навоий, Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё.
В” гуруҳи – Фарғона, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё.
С” гуруҳи – Хоразм, Наманган, Бухоро.
D” гуруҳи - Тошкент шаҳар, Самарқанд, Андижон.

2001 йилларда туғилган ёшлар ўртасида кечган биринчи босқич ўйинларида ўз гуруҳларида биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаган жамоалар чорак финалга йўлланма олишди. Бу босқичда эса қуйидаги натижалар қайд этилди:

Тошкент вилояти – Хоразм - 0:0. Пен. бўй. 3:4
Наманган – Навоий – 3:0
Қашқадарё – Андижон – 0:1
Тошкент шаҳри – Фарғона - 1:1. Пен.бўй. 2:4

Шу тариқа ярим финалга водийнинг барча вакиллари ҳамда Хоразм жамоаси йўлланма олди. Бундан кўриниб турибдики, мавсум давомида Ўзбекистон футбол ассоциацияси ташаббуси ва назорати остида водийда ўтказилган “Олтин водий” лойиҳаси ўз мевасини берди. Мазкур тадбир натижасида водийда нафақат мусобақалар сони ва сифати ошди, балки турли терма жамоаларга кўплаб номзодлар саралаб олинди. Хуллас, ЎФАда ўтказилган мусобақанинг ярим финалида водийнинг учала вакилининг иштирок этишини ана шу мусобақаларнинг натижаси деб билиш мумкин.

Ярим финал ўйинлари ҳам муросасизлиги билан барчанинг эътиборини қозонди. Дастлаб майдонга Андижон ва Хоразм жамоалари тушишди. Қизиқарли кечган баҳсда водийликлар воҳалик рақибларини кичик ҳисобда енгишнинг уддасидан чиқишди ва финал иштирокчисига айланишди.

Иккинчи ўйин водий дербиси сифатида таассурот қолдирди. Тенг курашлар остида ўтган баҳсда фарғоналиклар биринчи бўлимни 2:1 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал этишганди, иккинчи бўлимда эса наманганликлар бор маҳоратини ишга солишди ва якунда 4:2 ҳисобида зафар қучишди.

Шу тариқа эртага бўлиб ўтадиган финал учрашувида Андижон ва Наманган жамоалари ўзаро баҳс олиб боришадиган бўлишди. 

Ярим финал

Андижон – Хоразм – 1:0
Фарғона – Наманган – 2:4

Финал.
20 сентябрь.

Андижон – Наманган.

Баҳслар яна давом этади. Республика мусобақаси 2002 йилда туғилган болалар ўртасида 25-30 сентябрь кунлари, 2003 йилда туғилган болалар ўртасида 20-25 октябрь, 2004 йилда туғилган болалар ўртасида 8-13 октябрь, 2005 йилда туғилган болалар ўртасида эса 5-10 ноябрь кунлари бўлиб ўтади.

Ойбек Юнусов, ЎзА
2 066