Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.03.2017 09:14 Чоп этиш версияси

Боксчиларимизнинг йирик ғалабаси

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида бокс бўйича нуфузли турнир – Бутунжаҳон бокс серияси (WSВ)нинг VII мавсумининг навбатдаги баҳси ўтказилди. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Uzbek Тigers” жамоаси Хитойнинг “China Dragons” жамоаси билан куч синашди.

Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (AIBA) шафелигида ташкил этилган турнир спорт оламининг энг нуфузли мусобақаларидан бирига айланган. Бу йилги турнирда энг кучли 12 жамоа учта гуруҳга бўлинган ҳолда ўзаро куч синашмоқда.

Мусобақа бир неча босқичдан иборат бўлиб, жамоалар ўртасида ўнта вазн тоифасида ўтказилмоқда.

Мамлакатимиз боксчилари олтинчи мавсумдан буён мазкур турнирда иштирок этмоқда. Бу йилги баҳсларда “Uzbek Тigers” жамоаси "С" гуруҳида Хитойнинг "China Dragons", Россиянинг "Patriot boxing team" ва Қозоғистоннинг "Astana Arlans" жамоалари билан баҳслашмоқда. 4 март куни Россиянинг “Patriot boxing team” жамоаси билан рақобатлашган боксчиларимиз 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди.

– Ўзбек боксчиларининг довруғи бутун дунёга кенг тарқалган, – дейди мусобақа супервайзери Мария Пиксон (Филиппин). – Мамлакатингизда спортнинг барча турлари, жумладан, боксни ёшлар ўртасида ривожлантириш учун яратилган кенг имкониятлар ва қулай шароитларни кўриб ҳавасим келди.

...18 март куни байрамона безатилган "Ўзбекистон" спорт мажмуасида нуфузли мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Чорлов садолари остида майдонга мусобақа иштирокчилари кириб келди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.

Мусобақанинг очилишида Ўзбекистонда бокс жадал ривожланаётгани алоҳида таъкидланди. Бу спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларда катта ғалабаларга эришаётганида, мамлакатимизда йирик халқаро спорт анжуманлари юқори савияда ташкил этилаётганида яққол намоён бўлаётир.

“Uzbek Тigers” ва “China Dragons” жамоалари ўртасидаги беллашув ҳам қизиқарли ва муросасиз жангларга бой бўлди.

52 килограмм вазн тоифасида Аброржон Қодиров ва Йонг Чанг, 60 килограмм вазн тоифасида Муроджон Аҳмадалиев ва Сен Ванг, 69 килограмм вазн тоифасида Шаҳрам Ғиёсов ва Вей Ли У, 81 килограмм вазн тоифасида Бектемир Мелиқўзиев ва Жиабин Хуанг, вазни 91 килограммдан оғир бўлган боксчимиз Баҳодир Жалолов Хайпенг Му билан куч синашди.

Мусобақада “Uzbek Тigers” жамоаси 5:0 ҳисобида ғалабага эришди.

Байрам Айтмуродов, Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 353






Все о погоде - Pogoda.uz