Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.03.2017 10:21 Чоп этиш версияси

Боксчиларимизнинг муҳим ғалабаси

Боксчиларимизнинг муҳим ғалабаси Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуаси бокс бўйича нуфузли турнир – Бутунжаҳон бокс серияси (WSВ)нинг VII мавсуми баҳсларига мезбонлик қилди. Унда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган “Uzbek Тigers” жамоаси Россиянинг “Patriot boxing team” жамоаси билан куч синашди.

4 март куни байрамона безатилган муҳташам спорт мажмуасида нуфузли мусобақанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Чорлов садолари остида майдонга мусобақа иштирокчилари кириб келди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.

Мусобақанинг очилишида Ўзбекистонда спорт, жумладан, бокс жадал ривожланаётгани алоҳида таъкидланди. Бу спортчиларимизнинг нуфузли мусобақаларда улкан ғалабаларга эришаётганида, мамлакатимизда йирик халқаро спорт анжуманлари юқори савияда ташкил этилаётганида яққол намоён бўлаётир.

Ўзбекистон бокс федерацияси иқтидорли спортчиларни аниқлаб, уларнинг маҳоратини янада ошириш мақсадида мамлакатимизда турли мусобақалар ўтказмоқда. Халқаро ҳаваскор боксчилар уюшмаси (АIBА) билан ҳамкорликда Бутунжаҳон бокс серияси йўналиши бўйича ҳамда яримпрофессионал боксчилар (АРВ) йўналиши каби турнирлар ўтган йиллар давомида кўплаб ёш боксчиларни кашф этишга хизмат қилди.

“Uzbek Тigers” ва “Patriot boxing team” жамоалари ўртасидаги беллашувларда боксчиларимиз нималарга қодирлигини яна бир карра исботлади.

Беллашувларнинг 56 килограмм вазн тоифасида Абдулҳай Шораҳматов ва Дмитрий Шарафутдинов, 64 килограммда Элнур Абдураимов ва Радмир Абдураҳмонов, 75 килограммда Исроил Мадримов ва Ражаб Ражабов, 91 Зуҳриддин Маҳкамов ва Ислом Текеев, 49 килограммда Ҳасанбой Дўсматов ва Батор Сагалуев ғолиблик учун ўзаро куч синашди.

Беш вазндаги жангларнинг барчаси кескин ва шиддатли тарзда ўтди. “Uzbek Тigers” жамоаси “Patriot boxing team” 5:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.

– Бугун жамоамиз билан ғалабага эришганимиздан хурсандмиз, – дейди Ҳасанбой Дўсматов. – Россия боксчилари юқори савияда жанг олиб борди. Биз мураббийларимизнинг аниқ кўрсатмалари ва ғалабага бўлган интилишимиз туфайли муваффақият қозондик. Келгуси баҳсларда ҳам юқори натижаларга эришиш учун бор куч ва имкониятимизни ишга соламиз.

“Uzbek Тigers” жамоаси 18 март куни Хитойнинг “China Dragons” жамоаси билан беллашади.

Байрам Айтмуродов, Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
3 995






Все о погоде - Pogoda.uz