ЎзА Ўзбек

12.06.2018 11:00 Чоп этиш версияси

Боксчиларимиз Остонада ўтган халқаро мусобада муносиб иштирок этиб, юртимизга қайтиб келди

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтган “Президент кубоги” VI халқаро мусобақасида муносиб иштирок этиб, юртимизга қайтиб келди.

Терма жамоамиз аъзоларини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон бокс федерацияси раҳбарлари, тегишли ташкилот ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, спорт мухлислари тантанали кутиб олди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 мартдаги "Ўзбекистон спортчиларини 2020 йил Токио шаҳри (Япония)да бўлиб ўтадиган XXXII ёзги Олимпия ва XVI Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида"ги қарори спортчиларимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузли мусобақаларга ҳар томонлама пухта тайёрланиши ва муносиб иштирок этиши, терма жамоаларни янги истеъдодлар билан бойитишда муҳим омил бўлаётир.

Дунёнинг йигирмага яқин давлатидан юзга яқин чарм қўлқоп усталари иштирок этган халқаро мусобақада ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев чорак финалда ҳиндистонлик Деваншу Жаисвални, ярим финал ва финалда қозоғистонлик Бекзат Нурдаулетов ҳамда Бек Нурмагамбетлар устидан зафар қучиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

– Мусобақа кўнгилдагидек ўтди ва биз муносиб иштирок этдик, деб ўйлайман, – дейди Б.Мелиқўзиев. – Турнирда олтин медални қўлга киритганимдан хурсандман. Ўзбек ўғлонлари ҳеч кимдан кам эмас ва кам бўлмаслигини яна бир бор исботладик.

Финалга қадар барча жангларда зафар қучган Шунқор Абдурасулов ва Иқболжон Холдоров кумуш медални қўлга киритди. Терма жамоамиз аъзолари Шаҳобиддин Зоиров, Маҳмуд Гаипов, Алиёр Норалиев ва Исроил Мадримов эса бронза медаль билан тақдирланди.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 930