ЎзА Ўзбек

07.10.2019 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Ярим финалда “Севинч” “Локомотив”ни, “Бунёдкор” эса “Металлург”ни қабул қилади

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: Ярим финалда “Севинч” “Локомотив”ни, “Бунёдкор” эса “Металлург”ни қабул қилади

Бир неча дақиқалар олдин ЎзПФЛ биносида аёллар ўртасида мамлакат Кубогининг ярим финал ўйинларига қуръа ташланди. Аслида, мусобақа қонун-қоидасига кўра Кубок ўйинларининг тартиби бўйича жамоалар саралаш ўйинларидан кейин то финалга қадар қай тартибда етиб бориши маълум эди. Қуръа эса фақат ким мезбону, ким меҳмон деган саволга жавоб бериши лозим эди.

Чорак финалда ким аслида кимлигини кўрсатди. Бир қарашда кучли жамоалар ўзига нисбатан “нимжонроқ” жамоаларни мағлуб этгандек туюлади. Аммо шароит ва таркиб бўйича рақибга нисбатан юқорироқ саналган “Шўртан” ўз майдонида “Локомотив”дан енгилди. Ваҳоланки, майдон эгалари биринчи бўлиб ҳисобни очишган ва биринчи бўлимда бу устунликни сақлаб қолишганди. Иккинчи бўлимда эса тошкентликлар “отга қамчи босишди”. 

Ҳар томонлама устунлиги исботланган “Бунёдкор”нинг таркиби асосан ёш қизлардан иборат бўлган ва профессионализм сари дадил интилаётган “Пахтакор”ни мағлуб этишини деярли барча башорат қилганди.

АГМК ва “Металлург” жамоалари ҳам мамлакатимизда аёллар футболи бўйича кучли жамоалар сирасига киришади. Бироқ “Металлург”да Диёра Хабибуллаева каби тажрибали, гол уриш ҳадисини олган футболчилар бор, ва шунинг ўзи жамоанинг устунлигини таъминлаб туради.

Айтиш мумкинки, чорак финалнинг марказий ўйини Жиззах шаҳрида кечди. “Сўғдиёна” ва “Севинч” жамоалари ўртасидаги ўйин шиддати, кескинлиги ва муросасизлиги бўйича бошқалардан ажралиб турди. Буни ҳисобда ҳам англаш мумкин эди. Жамоалар нақадар ҳужумкор ўйин кўрсатишмасин, ҳимояларини мустаҳкамламасин, учрашувнинг асосий вақтида ҳисоб очилмади. Пенальтилар баҳсида эса мезбонлардан омад юз ўгирди – бир ўйинчининг тепган тўпи мўлжалга аниқ етиб бормади, иккинчисиникининг зарбасини эса “Севинч” дарвозабони моҳирлик билан қайтаришга эришди. Шу тариқа ярим финалга “Севинч”, “Бунёдкор”, “Металлург” ва ўз тарихида биринчи маротаба “Локомотив” жамоалари йўлланма олишди. 

Бир ўйиндан иборат ярим финал ўйинларида ким мезбонлик қилиш бўйича ташланган қуръага кўра “Севинч” жамоаси ўз майдонида “Локомотив”ни, “Бунёдкор” эса “Металлург” жамоаларини қабул қилади. 
Ўйинлар 17 октябрь кунига белгиланган.

Ўзбекистон кубоги. Чорак финал. 5 октябрь

“ПАХТАКОР” – “БУНЁДКОР” - 1:5
Голлар: Зухра Бердиева (12) - Людмила Карачик (23), Маҳлиё Сариқова (45), Насиба Турсунова (55), Саида Галимова (82, 84)

“ШЎРТАН” – “ЛОКОМОТИВ” - 1:3
Голлар: Динора Мейлиева (7) - Лайло Тошева (51), Дилдора Эргашева (53), Камола Бердиева (57)

АГМК – “МЕТАЛЛУРГ” - 0:2
Голлар: Шоира Қултўраева (44), Нозима Камолтоева (87)

“СЎҒДИЁНА” – “СЕВИНЧ” - 0:0. Пенальтилар бўйича - 1:4

Ўзбекистон кубоги. Ярим финал

17 октябрь (шанба)

“БУНЁДКОР” – “МЕТАЛЛУРГ”

“СЕВИНЧ” – “ЛОКОМОТИВ”

2 818
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА