ЎзА Ўзбек

10.10.2019 Чоп этиш версияси

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: “Металлург” юқорига кўтарилди, “Қизилқум”да эса илк ғалаба

АЁЛЛАР ФУТБОЛИ: “Металлург” юқорига кўтарилди, “Қизилқум”да эса илк ғалаба

Биринчи навбатда кучлилар қаторида сўнгги ўринда бораётган “Қизилқум” жамоасининг пойтахтда, “Пахтакор”га қарши ўйинда ғалаба қозонганлигини тилга олиш мумкин. Ваҳоланки, тошкентликлар биринчи бўлиб ҳисобни очишга муваффақ бўлишганди. Навоийликлар биринчи бўлимни ҳисобни тенглаштирган ҳолда тугатишганди. Иккинчи бўлимда эса мезбонлар яна бир гол киритишиб, кучли саккизликдаги дастлабки ютуғини қўлга киритишди.

Жиззахда эса турнинг марказий ўйини ўтказилди. Бош совринга даъвогар икки жамоа – “Сўғдиёна” ва “Бунёдкор” жамоалари ўртасидаги ўйин ҳақиқатдан ҳам жанговар тарзда ўтди. Чемпионатнинг энг моҳир, тажрибали футболчиларидан бири Людмила Карачик ҳар бўлимда биттадан гол киритиб, рақибларини жазолади. Майдон эгалари ҳарчанд уринишмасин, ниятларига ета олишмади.

Олмалиқдаги баҳс ҳам қизиқарли кечди. Диёра Эркинованинг биринчи бўлимга қўшиб берилган вақтда киритган голи ягоналигича қолди ва бекободликлар сафардан муҳим уч очко билан қайтишди.

“Севинч”нинг “Локомотив” устидан устунлик қилишини биров шубҳага олмаганди. Энг қизиғи, қаршиликлар мазкур рақибларини ўз майдонларида – Қаршида ҳам худди шу фарқ билан енгган эдилар, “Локомотив” майдонида ҳам шу натижа қайд этилди, фақат меҳмонлар фойдасига.

Loko-W-Sevinch (2).jpg

Турнир жадвалида ҳам қизиқ ҳолат кузатилмоқда. Мусобақа пешқадамлари “Севинч” (21 очко) ва “Бунёдкор” (20 очко) жамоалари орасидаги фарқ атиги бир очкони ташкил этяпти. Учинчи ўринни “талашаётган” “Металлург” ва “Сўғдиёна” жамоаларида бир хил – 16 тадан очко йиғилган. 8-турдаги “Металлург”нинг сафарда ғалаба қозонгани ва “Сўғдиёна”нинг ўз майдонида мағлуб бўлганлиги уларнинг жадвалдаги ўрин алмашишларига сабаб бўлди.

Жадвалнинг тенг ярмидан пастида юрган жамоалар ҳам бир хилдан очко жамғаришган – АГМК ва “Локомотив” 6 тадан, “Пахтакор” ва “Қизилқум” жамоалари 4 тадан.

Чемпионат тўпурарлари баҳсида ҳамон “Сўғдиёна” вакили Диёра Хабибуллаева 36 та тўпи билан пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ва учинчи ўринларда Людмила Карачик (“Бунёдкор”, 31 та тўп) ва Комила Зарипова (АГМК, 26 та тўп) боришмоқда. 

Loko-W-Sevinch (4).jpg

8-турда қайд этилган натижалар:

“ЛОКОМОТИВ” – “СЕВИНЧ” - 0:6
Голлар: Мафтуна Панжиева (4, 5), Нилуфар Қудратова (20, 83), Рушания Сафина (54, 75).

“СЎҒДИЁНА” – “БУНЁДКОР” - 0:2
Голлар: Людмила Карачик (8, 75).

АГМК – “МЕТАЛЛУРГ” - 0:1
Гол: Диёра Эркинова (45+2).

“ПАХТАКОР” – “ҚИЗИЛҚУМ” - 1:2
Голлар: Ойбарчин Турғунова (3) - Мафтуна Жўраева (41), Бахтишод Тўхтаева (60).

Навбатдаги 9-тур ўйинлари 12 октябрга белгиланган.

2 764
Ойбек ЮНУСОВ, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА