ЎзА Ўзбек

06.09.2018 10:18 Чоп этиш версияси

Аёллар футболи: Футбол майдонида келин салом

Аёллар футболи: Футбол майдонида келин салом

Ҳа, айнан шундай воқеа Ғузор шаҳрида, “Шўртан”-“Қизилқум” учрашувида рўй берди.

Кеча аёллар футболи бўйича мамлакат чемпионатининг 19-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Турнинг энг муҳим, кутилмаган воқеаси эса Ғузор шаҳрида юз берди. Ўзбек футболи тарихида илк бор майдонда, икки жамоа ўйини олдидан шу ўйинда майдонга тушиши лозим бўлган футболчи бошида миллий кийим дўппи ва рўмол билан тўй маросими куйлари остида аввал ўз жамоадошларига, кейин ҳакам ва меҳмон жамоа аъзоларига, сўнг трибунада ўтирган томошабинларга, охирида эса ўз мураббийлари ва клуби ходимларига келин саломини берди. Улдона Тўхтаеванинг турмушга чиққанига бир ҳафта бўлди. 29 август куни рўй берган никоҳ тўйи куни унинг жамоаси сафарда тўп суришларига қарамай, мамлакатимизнинг кўпкарра чемпиони “Андижанка” жамоасини мағлубиятга учратиб, ушбу ютуқни айнан келин-куёвга бағишлаган ва шу ўйин туфайли футболчи қизлар дугоналарининг бахт оқшомида иштирок эта олишмаганди. Дугоналар номидан клуб раҳбарлари ўша оқшомда Улдонага бахт-саодат тилашганди. Бир ҳафталик келин майдонга тушишни истади, буни эса куёв бола Шаҳбозбек ҳам қўллаб-қувватлади. Улдона эса майдонга тушишдан олдин ўзбек урф-одатларига риоя қилишни лозим топди ва юқоридаги воқеага сабаб бўлди.

Эркаклар ўртасида бундай воқеаларга гувоҳ бўлган онларимиз йўқ эмас. “Пахтакор” ва миллий терма жамоамизнинг собиқ ўйинчиси Шуҳрат Мақсудовнинг никоҳ маросимини айнан “Пахтакор” стадионида, майдон марказида ўтказганида унга тан берган эдик, мана, аёлларимиз ҳам ҳар қандай шароитда ўзбекона урф-одатларимизни канда қилмасликларини исботламоқдалар.

Ғузор шаҳрида ўзига хос тадбирлар бўлаётган бир пайтда Қаршида футболга зид воқеалар ҳам юз берди. Чемпионат пешқадами, кўп карра чемпион турнир аутсайдерларидан бири “Бухоро”ни қабул қилар экан, унинг дарвозасига голлар шодасини туҳфа этишди. Ўз дарвозасидан кам эмас, нақд ўн иккита гол ўтказиб юборганидан жаҳли чиққан жамоа раҳбари Обид Ражабов учрашув якунига атиги бир дақиқа қолганида кутилмаганда шогирдларини майдонни тарк этишга мажбур этди. Бунга сабаб сифатида ҳакамларнинг қарорлари эмиш. Ҳисоб кичикроқ бўлганда ҳам тушунса бўларди, ўн иккита гол урилади-ю, яна ҳакам айбдорми? Ваҳоланки, шу куни Обид Ражабовнинг туғилган куни бўлган, учрашув масъуллари ва мезбон жамоа раҳбарлари ўйин олдидан уни туғилган куни муносабати билан табриклашган эди. Фақат ўйин комиссарининг аралашуви билан футболчилар майдонга қайтишди ва ўйинни давом эттиришди.

Турнинг марказий учрашуви сифатида тилга олинган “Бунёдкор” ва “Сўғдиёна” жамоалари ўртасидаги ўйинда эса Людмила Карачикнинг ўйин охирларида киритган ягона голи пойтахтликларнинг ғалабасини таъминлади.

Бир сўз билан айтганда, бу турда турнир жадвалининг кучли бешлигида бораётган барча жамоалар зафар қучишди ва мавқеларини янада мустаҳкамлашди. Кучли бешликни эса “Севинч” (52 очко), “Бунёдкор” (48), “Шўртан” (45), АГМК (42) ҳамда “Металлург” (40) жамоалари ташкил этмоқда. Жадвалнинг энг қуйи поғоналарини эса “Бухоро” (10 очко), “Қизилқум” (10) ва “Қўқон-1912” (3) жамоалари банд этиб туришибди.

Навбатдаги тур ўйинлари 8 сентябрга белгиланган.

Ойбек Юнусов, ЎзА
6 133