Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 17:41 Чоп этиш версияси

Ҳарбий спортчилар юртимизни шарафламоқда

Миллий матбуот марказида "Ҳарбий спортчиларнинг Ўзбекистон ва жаҳон спорт мусобақаларидаги ютуқлари" мавзуида матбуот анжумани ўтказилди.

Тадбирда мамлакатимизда спортни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор самарасида ҳарбий спортчиларимиз ҳам жаҳон майдонларида юксак натижаларга эришаётгани алоҳида таъкидланди.

Жумладан, 2017 йилги спорт мавсумида Марказий ҳарбий спорт клуби (МҲСК) вакиллари мамлакатимиз ўсмирлар, ёшлар ҳамда миллий терма жамоалари таркибида нуфузли халқаро мусобақаларда қарийб 70 та медаль, мамлакатимиз миқёсидаги мусобақаларда 420 та медални қўлга киритди.

Марказий ҳарбий спорт клубида 17 спорт тури бўйича ташкил этилган секцияларда шуғулланаётганлар сони йилдан-йилга кўпайиб бормоқда.

МҲСКнинг мамлакатимиз терма жамоаларига юқори тоифали спортчиларни тайёрлашда ҳам алоҳида ўрни бор. Клуб спортчиларининг 8 нафари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спортчи, 46 нафари халқаро тоифадаги спорт устасидир.

2016 йили Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XXXI ёзги Олимпия ўйинларида ҳам МҲСК вакиллари мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди. Жумладан, тажрибали боксчиларимиз Бектемир Мелиқўзиев кумуш, Муроджон Аҳмадалиев бронза медалга сазовор бўлди. Ришод Собиров дзюдо бўйича учинчи ўринни эгаллади. Шунингдек, ўтган йилги XV Паралимпия ўйинларининг дзюдо баҳсларида Одилжон Тулендибаев олтин, Шуҳрат Бобоев ҳамда Феруз Сайидов бронза медални қўлга киритди.

– Ҳар сафар нуфузли мусобақаларда давлатимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида Ўзбекистон фарзанди эканимиздан дилимизда чексиз фахр туямиз, – дейди Бектемир Мелиқўзиев. – Давлатимиз байроғини доимо баланд тутиш бизнинг ҳам спортчи, ҳам Ватан ҳимоячиси сифатидаги муқаддас бурчимиздир. Бу туйғу бизга улкан ғайрат-шижоат бағишлайди, янгидан-янги ғалабалар сари руҳлантиради.

Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА
2 563






Все о погоде - Pogoda.uz