ЎзА Ўзбек

12.01.2018 18:00 Чоп этиш версияси

Қўл жанги: Миллий гвардия жангчилари – ғолиб

Ўзбекистон Қуролли Кучларининг пойтахтимиздаги “Жар” спорт мажмуасида қўл жанги бўйича ўтказилган очиқ чемпионат финал баҳсларида Миллий гвардия жангчилари етти финалдан бештасида ғолибликка эришди.

Мудофаа вазири А.Азизов, Ўзбекистон Миллий гвардияси қўмондони Б.Тошматов мусобақа иштирокчилари ва томошабинларни умумхалқ байрами – Ватан ҳимоячилари куни ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги билан табриклаб, спортчиларга муваффақият тилади.

Ўзбекистон МХХ жамоаси вакили, Ўзбекистон чемпиони Абдуманнон Мўйдинов ва “Динамо” спорт жамияти вакили Жасур Жўраевлар 65 килограммгача бўлган вазн тоифаси бўйича дастлабки финал босқичида ўзаро баҳслашди. Яккалик баҳсларининг биринчи ярмида А.Мўйдинов етакчилик қилди, бироқ бонг уришига 5 сония қолганида ҳисоб тенглашди – 11:11. Лекин шунга қарамай, 5 сония ичида МХХ вакили ғолибликни қўлга киритди.

Миллий гвардия жамоаси вакили, Жаҳон ва Осиё чемпиони Муҳиддин Мамажонов 70 килограммгача бўлган вазн тоифасида ғолиб деб топилди. Иккинчи ўринга унинг жамоадоши Раҳмонали Нишонбоев сазовор бўлди.

МХХ жамоаси вакили, Ўзбекистон чемпиони Муртазобек Мамашокиров 75 килограммгача бўлган вазн тоифасида Миллий гвардия жангчиси, Жаҳон кубоги совриндори Жаҳонгир Жумаев билан яккалик учрашувларида баҳс олиб борди. У оёқда зарба бериш бўйича эпчиллиги билан 15:10 ҳисобида ғолибликни қўлга киритди.

80 килограммгача бўлган вазн тоифасидаги мусобақаларда Миллий гвардия вакили Муҳаммаджон Тўраев Мудофаа вазирлиги жамоасидан бўлган Отабек Рўзиев устидан ғалаба қозонди.

Миллий гвардия жамоаси вакили, Жаҳон чемпиони Абдужалол Хўжамуродов 85 килограммгача бўлган вазн тоифасида бўлиб ўтган жангларда МХСК жамоаси вакили, Осиё чемпиони Бекзод Нурматовни техник нокаутга учратиб, ғолибликни қўлга киритди.

МХСК жамоаси вакили, Осиё чемпиони Ботирбек Хўжабеков 90 килограммгача бўлган вазндаги яккалик баҳсларида “Динамо” жамоаси вакили, Европа очиқ чемпионати ғолиби Жаҳонгир Мансуров устидан ғалаба қозонди. У дастлаб 5:1 ҳисобида еткчилик қилган бўлса-да, бонг урилгунга қадар Жаҳонгир ҳисобни тенглаштирди, бироқ бир неча сония ичида Ботирбек ғолибликни қўлга киритди.

90 килограммдан ортиқ вазн тоифасида ғолиблик Миллий гвардия вакили, жаҳон чемпионати совриндори, Европа чемпиони Илёс Раимовга насиб этди. У МХХ жамоаси вакили бўлган Ўзбекистон чемпиони Исломжон Азимов билан яккалик баҳсини олиб борди. Раимов рақибидан бўйи баланд бўлишига қарамай, дастлаб 8:5 ҳисобида енгилаётган бўлса-да, жанг тугашига бир неча сония қолганида ҳисобни 11:11 кўринишга келтирди. Финал учрашувида Раимов бокс бўйича тажрибасига таяниб ўз рақибини чуқур нокдаунга учратди.

Мусобақа якунига кўра, жамоавий ҳисобда Миллий гвардия жамоаси биринчи, МХСК жамоаси иккинчи, МХХ жамоаси учинчи ўринга сазовор бўлди. Ғолибларга турли номинациялар бўйича совғалар топширилди. Томошабинлар олқиши соврини Абдужалол Хўжамуродовга насиб этди.

Аблай Камолов, ЎзА
20 714