Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.07.2017 14:50 Чоп этиш версияси

Зоминда кўз очди янги булоқлар

Зоминда кўз очди янги булоқлар Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги Ўриклисой оромгоҳида "Ёш ижодкорлар" ўқув-семинари бўлиб ўтди.

Жиззах вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда таниқли шоир-ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ва ёш ижодкорлар иштирок этди.

Президентимиз раҳнамолигида миллий адабиётимизни ривожлантириш, қалам аҳли самарали ижод қилиши учун қулай шароит яратиш, ёш истеъдодларни аниқлаш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 2010 йил 26 февралдаги “Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳузурида “Ижод” фондини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори бу борада алоҳида аҳамият касб этаётир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги ”Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу йўналишдаги ишларни янги босқичда давом эттиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Мазкур ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Ижод” фонди томонидан миллий адабиётимизни янада ривожлантириш, бадиий сўз санъати соҳасидаги ютуқларни кенг тарғиб этишга қаратилган қатор дастур ва лойиҳалар амалга оширилмоқда. "Ёш ижодкорлар" ўқув-семинари ана шундай тадбирлардан биридир.

– Президентимиз 2017 йил 27 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Зомин туманида шоир-ёзувчилар иштирокида мунтазам ўтказиладиган адабиёт ва шеърхонлик бўйича ёш ижодкорлар ўқув-семинарини қайта ташкил этиш зарурлигини таъкидлади, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов. – Юртимизда истеъдодли ёшлар кўп. Бугунги семинарда иштирок этган ёшларнинг 19 нафари биринчи китобини чоп этишга улгургани ҳам сўзимиз исботидир. Гўзал ва сўлим Ўриклисойда янгича руҳда ўтказилган бу галги семинарда ҳам яна кўплаб истеъдод эгалари кашф этилди. “Биринчи китобим” лойиҳаси учун асарларни шу семинарда танлаб олиш, ҳар йили “Зомин илҳомлари” деб номланган альманах чоп этишни йўлга қўйиш тўғрисида таклифлар билдирилди.

Семинар доирасида ёш ижодкорлар учун бадиий таржима, публицистика, драматургия, шеърият, наср, болалар адабиёти йўналишлари бўйича машғулотлар, маҳорат сабоқлари ўтказилди. Моҳир мутаржимлар, адабиётшунослар, драматурглар билан ижодий учрашувлар, мулоқотларда бугунги адабий жараён ҳақида қизғин фикр алмашилди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоев, Ўзбекистон халқ шоирлари Анвар Обиджон, Иқбол Мирзо, Маҳмуд Тоир, адабиётшунос олим Шуҳрат Ризаев каби устоз ижодкорларнинг суҳбатлари, айниқса, мароқли бўлди.

Ёш ижодкорлар кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдириб, ёшлик ғайрати, билим ва салоҳиятини тўла намоён этиш орқали Ватанга хизмат қилиш, халқимизнинг ҳаётини бадиий юксак асарларда акс эттиришни ўз фарзандлик бурчи, деб билишларини таъкидлади.

– Машғулотлар ёшларга устоз адиблар маслаҳат ва ўгитларидан баҳраманд бўлиш, тенгдошларимиз ижоди хусусида фикр алмашиш имконини берди, – дейди Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани “Баркамол авлод” болалар маркази тўгараги раҳбари, шоир Бекназар Қоражонов. – Юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган ва кам бўлмайдиган авлодни тарбиялаш йўлида амалга оширилаётган бундай эзгу ишлар кўксимизни ифтихорга тўлдиради, бизни янада фаол, юрт равнақи учун фидойи бўлишга ундайди, янги ижод чўққилари сари руҳлантиради.

Тадбир иштирокчиларига ташкилотчилар томонидан сертификат ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими У.Узоқов сўзга чиқди.

Тошқул Бекназаров, Шерзод Назаров (сурат), ЎзА
4 362






Все о погоде - Pogoda.uz