Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

29.08.2017 16:11 Чоп этиш версияси

Жузқудуқ овулида 2-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Жузқудуқ овулида 2-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди Энг улуғ, энг азиз айём – Мустақиллик байрамининг 26 йиллиги муносабати билан Навоий вилоятининг олис туманларида замонавий уй-жой ва ижтимоий иншоотлар фойдаланишга топширилгани ҳудуд аҳолиси кайфиятини янада кўтариб юборди.

Учқудуқ ва Томди туманлари овулларида тиббиёт, мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, замонавий уй-жойларни фойдаланишга топшириш маросимлари ўтказилди.

Президентимизнинг 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳудудларни янада тараққий эттириш ва аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 25 апрелдаги Навоий вилоятининг олис чўл туманлари аҳолиси турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарори овулларга замонавий инфратузилма олиб кириш, ҳудуд аҳолисига муносиб турмуш шароити яратишга хизмат қилмоқда.

Жузқудуқ овули Учқудуқ туманининг чекка ҳудудларидан. Овул ёшларининг замонавий шароитларда таълим олишини янада яхшилаш мақсадида 2-умумтаълим мактабининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Таълим масканининг тантанали очилиш маросимида Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ва бошқалар Ўзбекистонда ёшларнинг замонавий таълим ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши учун барча шароитни яратишга қаратилаётган доимий эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади. Қизилқум чўлларида ўзбек ва қозоқ миллатига мансуб аҳоли аҳил-иноқ яшаб, юрт равнақи йўлида ҳамжиҳатликда меҳнат қилаётгани бундай эзгу ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.

Замонавий мактаб қозоқ ва бошқа хорижий тиллардаги зарур дарслик ва адабиётлар билан таъминланган. Компьютер хонасида ўқувчиларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан кенг фойдаланиши учун барча шароит мавжуд. Синф хоналар замонавий тарзда жиҳозланган.

Янги мактабга Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Республика қозоқ миллий маданий маркази томонидан зарур ўқув жиҳозлари, планшет ҳамда қозоқ тилидаги 300 адабиёт топширилди. Овулга рақамли телевидение сигналини қабул қилиш мосламаси ўрнатилиб, миллий каналларимизни томоша қилиш имконияти яратилди. Тез орада ҳудудда интернет тармоғи йўлга қўйилиб, ўқувчилар виртуал оламдан кенг фойдалана бошлайди.

Овулдаги 2000 йилда қурилган тиббиёт муассасаси реконструкция қилиниб, “Саломатлик-2” лойиҳаси асосида зарур тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Айни пайтда бу ерда 1 шифокор ва 3 ўрта тиббиёт ходими аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда. Шу куни “Жузқудуқ” қишлоқ врачлик пунктига “Damas” русумли тез тиббий ёрдам машинаси топширилди.

Овулда 30 ўринга мўлжалланган 2-“Қуёшжон” мактабгача таълим муассасасининг “Бобек” 4-филиали реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Болажонлар учун барча шароит яратилган муассаса хоналари замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Давлатимиз раҳбарининг юқорида зикр этилган қарори асосида овулдаги бўш турган 4 турар жой биноси замонавий кўринишга келтирилиб, уй-жойга муҳтож оилаларга бепул бериладиган бўлди. Овулдаги 2-умумтаълим мактабида ўқитувчи сифатида иш бошлаган Усмоновлар оиласи ана шундай замонавий шароитларга эга хонадонга кўчиб ўтди.

– Мамлакатимизда эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлашга қаратилаётган алоҳида эътибордан мамнунмиз, – дейди хонадон соҳибаси Нилуфар Раҳимова. – Уйда бир оиланинг бахтиёр ҳаёт кечириши учун барча шароит муҳайё. Чўлнинг совуқ изғирини ва жазирама иссиғи инобатга олинган.

Томди тумани марказида ҳам эрта тонгдан байрамона тадбирлар бошланди. Туман ўзининг машҳур оқин ва жировлари билан танилган. Умрзоқ Хўжамуродов, Қайпназар Шўтбасаров, Қаландар Бейсинбаев кабилар шулар жумласидандир.

Туманда фойдаланишга топширилган 12-болалар мусиқа ва санъат мактаби ана шундай истеъдодларни камолга етказишга хизмат қилади. Бундай замонавий маданият муассасаси очилиши чўлнинг минглаб истеъдодли ёшларига янада қувонч бағишлади. 55 ўринли мактабда 6 тўгарак фаолияти йўлга қўйилган. 6 ўқитувчи халқ чолғулари, хореография, дутор, эстрада йўналишларида ўқувчиларга санъат сирларини ўргатади.

Туман ёшларидан бир гуруҳи давлатимиз раҳбари қарорига асосан жорий этилган имтиёзлардан унумли фойдаланиб, олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.

– Зарафшон тиббиёт коллежини битириб, Бухоро тиббиёт университети талабаси бўлдим, – дейди томдилик Аблай Раҳатов. – Туманимизда тиббиёт мутахассислари етишмаслиги, малакали тиббий хизмат бироз оқсагани сабаб, одамлар вилоят маркази ёки бошқа тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишга мажбур эди. Келажакда етук жарроҳ сифатида ҳудуд аҳолиси саломатлиги йўлида хизмат қилишни ўзим учун шараф, деб биламан.

Туман марказидаги 2 қаватли турар жой биноси тўлиқ таъмирланиб, замонавий кўринишга келтирилди. Уй-жойга муҳтож, кам таъминланган 3 оила янги уйларга кўчиб кирди.

Томди туманининг энг олис ҳудудларидан бири – Ўтемурат овулининг бугунги қиёфаси аввалгисидан тубдан фарқ қилади. Туман марказидан 170 километр узоқда жойлашган ушбу аҳоли пунктида 800 дан ортиқ аҳоли яшайди. Овулдаги 8-умумтаълим мактаби янги ўқув йили олдидан реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилиши ҳудуд аҳолиси, айниқса, ёшлар учун ажойиб байрам совғаси бўлди. 190 ўринли мактабнинг синф хоналари замонавий тарзда жиҳозланди. Мактабга Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Республика қозоқ миллий маданий маркази томонидан ўқув жиҳозлари, қозоқ тилидаги 250 китоб топширилди.

“Ўтемурат” қишлоқ врачлик пункти ҳам тўлиқ таъмирланган замонавий бинода фаолият бошлади.

Овул аҳолиси асосан чорвачилик билан шуғулланади. Чўл шароитида чорва боқишнинг ўзи бўлмайди, қишда изғирин, ёзда жазирама чорва парваришини янада қийинлаштиради. Шундай мураккаб шароитда эл дастурхони тўкинлигини таъминлашга ҳисса қўшаётган юртдошларимизнинг фидокорона меҳнати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда. Чунончи, 2003 йилда Биринчи Президентимиз фармонига мувофиқ Серикбай Сагатов Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвони билан тақдирланди. Энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида отахоннинг ҳолидан хабар олиниб, совға-саломлар улашилди. Овул нуронийлари давлатимиз эътибори ва ғамхўрлигидан миннатдор бўлиб, юртимизга тинчлик, фаровонлик тилаб дуо қилди.

Тантанали тадбирларда Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов сўзга чиқди.

Нуриддин Раҳимов, Сирож Аслонов (сурат), ЎзА
2 295






Все о погоде - Pogoda.uz