Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

07.03.2018 15:08 Чоп этиш версияси

Журналистика эркакларнинг касби...ми?

Журналистика эркакларнинг касби...ми?
НИМА УЧУН АЁЛ ЖУРНАЛИСТЛАР ИЛГАРИЛАБ КЕТДИ?

Ойнаи жаҳонни ёқишингиз билан ёқимтой аёл журналист намоён бўлади. Хориж телеканалларида-ку аёл журналистларнинг “қайноқ нуқта”лардан лавҳа беришига одамлар аллақачон ўрганиб қолган. Газета-журналларда аёл журналистларнинг ўқувчини фикрлашга, мушоҳадага ундайдиган хабар ва мақолалари кун сайин кўпайиб бораяпти. Буларнинг бари бир вақтлар айтилган “журналистика эркакларнинг касби” деган фикр бугунги воқеликка асло тўғри келмаслигини кўрсатмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, бугунги кунда “нозик жинс” вакиллари жаҳон (айниқса, АҚШ ва Европа) оммавий ахборот воситаларида етакчи кучга айланди. Россия ОАВда аёллар раҳбарлик лавозимларида фаолият юритмоқда. Статистикага кўра, журналист аёллар сони мунтазам ошиб бормоқда. Таъкидланганидек, уларни “қайноқ нуқта”лар ҳам қўрқита олмаяпти.

Эркак журналистлар хафа бўлишмасин-у, улар ўз мавқеларини аёл журналистларга бериб қўяётгандек, назаримда. Хотин-қизлар эркаклардан қолишмасликка ҳаракат қилиб, мураккаб мавзуларга дадил қўл уришмоқда. Масалан, телевидениедаги “Ахборот 24" дастурлари ва турли кўрсатувларда долзарб мавзуларда лавҳалар тайёрлаётган, ток-шоулар ташкил қилаётган аёлларга ҳавас қилишимизни яшириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак. Кончилар, деҳқонлар, ишчилар, ўқитувчилар, ҳатто фаррошлар ҳаётига бағишланган ёки ўз қаҳрамонларининг қиёфасини очиб берадиган кўрсатувлар тайёрлаётган аёл журналистларимиз ҳақиқатан кўпайди.

Одамларга ёқадиган кўрсатув ёки эшиттириш тайёрлаш, мақола ёзиш – машаққатли иш. Биргина мақолага материал тўплаш учун баъзан йиллаб вақт кетишини, айрим кўрсатув ёки эшиттиришларни тайёрлаш учун журналист ҳатто жонини хатарга қўйишини билган билади. Шунинг учун журналистлик касби шахтёрликка қиёсланади.

Сайт, журнал ёки газетада эълон қилинган ҳар қандай мақола, кўрсатув ёки эшиттириш у ёки бу масалага ойдинлик киритиб, одамларга маълумот, маънавий озуқа бериши керак. Бу жуда мураккаб иш, бунинг учун қанча машаққат чекиш керак. Журналист аёлларимиз ана шундай қийинчиликлардан ҳам тап тортмай, долзарб мавзуларни кўтариб чиқмоқда.

“Нима учун аёл журналистлар илгарилаб кетди?”, деган саволга жавоб излаб аёл ҳамкасбларимиз ижодини яна бир бор кўздан кечириб чиқдим. Улар чекинишни истамаган ҳолда (балки эркаклардан ортда қолмаслик учундир) ҳамиша олға интилади. Аёллар ўз қаҳрамонлари билан чин қалбдан суҳбатлашади, ёзаётган мақоласига худди фарзандига меҳр бергандек қарайди. Шу сабабли ҳам АЁЛ журналистлар масъулиятни теран ҳис этади. Бир сўз билан айтганда, аёл ҳамкасбларимизнинг меҳнати миллий журналистикамиз ривожига ҳисса бўлиб қўшилаётганини эътироф этиш ўринлидир.

Шарофиддин Тўлаганов

ЎзА
12 459