Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.01.2018 14:33 Чоп этиш версияси

Журналист-тадқиқотчиларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида сўзлаб берилди

Ҳиндистон оммавий коммуникация институтида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети профессор-ўқитувчилари дунёнинг ўн бешдан ортиқ мамлакатидан келган журналист-тадқиқотчилар учун Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳақида очиқ дарс ўтказди.

Унда ўзбекистонлик мутахассислар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан журналистика таълими соҳасида амалга оширилаётган ўзгаришлар, янгиликлар ҳақида батафсил сўзлаб берди. Хусусан, дунё медиа маконини Ўзбекистон ҳақидаги ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий, тарихий маълумотлар билан янада бойитишга урғу берилди. Мамлакатимизда журналист кадрларни замон талаблари даражасида тарбиялашга хизмат қиладиган Журналистика ва оммавий коммуникация воситалари университети ташкил этилаётгани маълум қилинди.

- Имом Бухорий, Хоразмий, Беруний, Замахшарий ва бошқа кўплаб буюк мутафаккирлар етишиб чиққан ўзбек заминининг салоҳияти ниҳоятда юқоридир, - дейди суриялик журналист Р.Аҳмад. - Бугунги учрашувда Ўзбекистон ҳақида ёзаётган мақоламни бойитиш учун кўплаб маълумотларни олдим.

- Ўзбекистон ва мамлакатда сўнгги пайтларда амалга оширилаётган ўзгаришлар ҳақида халқаро ҳамжамиятда қизиқиш катта, - дейди мисрлик журналист А.Қосим. - Ушбу жараёнда маҳаллий, яъни Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари фаол бўлиши керак, улар томонидан халқаро ҳамкорлик янада ривожлантирилиши керак.

Тадбирда журналист-тадқиқотчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

ЎзА
10 379