ЎзА Ўзбек

06.08.2018 17:09 Чоп этиш версияси

Жорий йилнинг олти ойида 2 триллион 271 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди

Жорий йилнинг олти ойида 2 триллион 271 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилди Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимиз иқтисодиётининг бошқа соҳалари қатори саноатнинг қурилиш материаллари ишлаб чиқариш тармоғига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларида маҳаллий хомашёдан тайёрланган қурилиш материалларидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки, бундай маҳсулотлар сифати, чидамлилиги ва арзонлиги билан чет элдан келтирилган бу каби қурилиш материалларидан ҳар томонлама афзалдир.

Юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларида “Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарнинг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Бугунги кунда улар томонидан ишлаб чиқарилаётган цемент, оҳак, қурилиш ойнаси, керамик плиталар, сантехкерамика маҳсулотлари, керамогранит, «сэндвич» панеллар, юмшоқ томёпқич материаллари, базальт арматураси, суюқ гулқоғоз (обой), иссиқликни сақловчи каби материалларга талаб ва эҳтиёжнинг йилдан-йилга ортаётгани бунга яққол мисолдир.

Масалан, жорий йилда жамият таркибидаги корхоналар томонидан жами 3 триллион 800 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва ўсиш суръатини 2017 йилга нисбатан 107 фоизга етказиш режалаштирилган.

Белгиланган режа бўйича эътиборингизни ўтган олти ойлик натижаларга қаратайлик. Бунда жами 2 триллион 271 миллиард сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати 101 фоизга етказилди. Шунингдек, бу даврда 183,3 миллиард сўмлик истеъмол товарлари ишлаб чиқарилиши эвазига ўсиш 107,7 фоизга таъминлангани янада эътиборга лойиқ.

Жорий йилнинг биринчи олти ойида 3693,1 минг тонна цемент, 6,2 миллион квадрат метр қурилиш ойнаси, 41,9 минг тонна қуруқ қурилиш қоришмалари, 40,7 минг тонна қурилиш гипси, 16,7 минг тонна оҳак, 29,7 миллион дона деворбоп материаллар, 3,1 миллион дона шифер, 25,8 минг дона сантехкерамика маҳсулотлари каби сифатли ва арзон, маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқарилганлиги шулар жумласидандир.

Керамик плиткалар, сантехкерамика маҳсулотлари, керамогранит, «сэндвич» панеллар, юмшоқ томёпқич материаллари, базальт арматураси, суюқ гулқоғоз (обой), иссиқликни сақловчи материалларни ўзлаштиришнинг йўлга қўйилиши ҳам соҳада эришилган ютуқлардандир.

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА
7 677