ЎзА Ўзбек

20.06.2018 18:54 Чоп этиш версияси

Жорий йилда юртимизда 3 миллиард 926,7 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда

Миллий матбуот марказида “Текстиль ва тикув-трикотаж соҳаси учун малакали кадрларни тайёрлаш тизимининг ривожи” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан Президентимизнинг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, хорижий компания ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг ўқитувчи ва талабалари иштирок этди.

Мамлакатимизда кенг турдаги сифатли тўқимачилик маҳсулотлари тайёрлашни ташкил этиш, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Тадбирда уюшма томонидан жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар муҳокама этилди. Айни пайтда уюшма таркибида 1 минг 297 саноат корхонаси фаолият юритмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилда юртимизда 3 миллиард 926,7 миллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. Маҳаллий хом ашё асосида маҳсулотни маҳаллийлаштириш дастури доирасида жорий йил январь-июнь ойларида саноат корхоналари томонидан 12,6 миллиард сўмлик 7 лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 5 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилади.

Бугунги кунда тармоқнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда, тўқимачилик саноати соҳасида кадрларга бўлган эҳтиёжни ва уларни тайёрлашнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Кадрлаш тайёрлаш жараёнига халқаро тадқиқот институтлари жалб этилган. Жумладан, Швейцария, Хитой, Франция, Бельгия ва Италия каби давлатларнинг институтлари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти қошида ўқув амалий технопарки ташкил этилмоқда. 2006 йилдан буён 100 дан ортиқ мутахассис Жанубий Кореяда малака ошириб келди. Ўз навбатида кореялик мутахассислар ҳам юртимизга келиб, тажриба алмашмоқда. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси Швейцариянинг “Rieter AG”, Туркиянинг “Dilmenler”, Белгиянинг “Picanol” каби бир қатор хорижий компания ва ташкилотлари билан ҳамкорлик қилмоқда.

Абдулазиз Мусаев, ЎзА
3 221