Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

11.12.2017 12:44 Чоп этиш версияси

Жорий йилда қанча коррупция ва иқтисодиётга оид жиноятлар содир этилганини биласизми?

Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида 9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши кураш куни муносабати билан давра суҳбати ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Бош прокуратура, Олий суд, Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси ва бошқа мутасадди идора ва ташкилотлар масъул ходимлари ҳамда журналистлар қатнашди.

Кучли фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий демократик давлат қуришда коррупцияга қарши курашиш, унинг олдини олиш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

2017 йил 4 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Қонун асосида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжатлар ўз мазмун моҳияти, мақсади билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг янги босқичини бошлаб берди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг баёнига асосан ташкил этилган тадбирда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни бевосита амалга оширувчи давлат органларининг ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги статистик маълумотларнинг ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш соҳасида идоралараро ҳамкорликни ташкил этиш масалалари муҳокама этилди.

Давра суҳбатида коррупцияга оид содир этилган жиноятлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув Бош бошқармасининг Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда унинг жойлардаги тизимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 300 дан зиёд коррупция ва иқтисодиёт асосларига қарши содир этилган жиноятлар аниқланган. Мазкур жиноятлар порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик, валюта қоидасини бузиш, қалбаки пул ясаш, талон-тарожлик ҳамда бошқа турдаги ҳолатлар билан боғлиқдир.

Тезкор-қидирув чора-тадбирлари натижасида 374 та гуруҳ томонидан содир этилган жиноятлар фош этилиб, жиноят содир этган шахслар жиноий жавобгарликка тортилган. Жиноятлар натижасида етказилган моддий зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Кейинги вақтларда ҳуқуқбузарликлар, жумладан, коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг профилактикасига бўлган эътиборнинг кучайганлиги натижасида порахўрлик жиноятлари камайишига эришилган.

Тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш нафақат бу иллатнинг олдини олиш, давлат ва жамият тараққиётига хизмат қилиши таъкидланди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ўртасида одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиш, коррупция билан боғлиқ қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этишга оид масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Гўзал Сатторова, ЎзА
9 368